Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 47-моддасига биноан никоҳ ФҲДЁ органида никоҳдан ажратиш қайд этилган кундан бошлаб тугатилади.
ФҲДЁ органи суд қарори асосида эр-хотинлардан бирининг аризасига биноан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги далолатнома ёзувини қайд этади ва никоҳдан ажратиш тўғрисидаги гувоҳномани беради.
Бунда никоҳдан ажратишни қайд этишгача ФҲДЁ органи эр ёки хотиндан бирининг никоҳдан ажратилганлик факти расмийлаштирилганлигини «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали текширади.
Агар никоҳдан ажратиш ФҲДЁ органида томонлардан бирининг аризасига кўра қайд этилган бўлса, у ҳолда далолатнома ёзуви иккинчи томон тўғрисидаги маълумотлар билан тўлдирилади ва никоҳдан ажратганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.
Никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги далолатнома ёзувини қайд этиш, никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги далолатномадаги ёзувларга қўшимчалар киритиш ва никоҳдан ажралганлик тўғрисидаги гувоҳномани бериш, шунингдек томонлардан бирининг ишончнома асосида ҳаракат қилувчи вакилнинг аризаси бўйича ҳам амалга оширилиши мумкин.
1998 йил 1 сентябрдан 2010 йил 15 сентябргача бўлган даврда қонуний кучга кирган суд қарорлари бўйича никоҳдан ажратишни қайд этиш йўқолган далолатнома ёзувларини тиклаш тартиби ва қоидаларига биноан амалга оширилади.
Ариза ЯИДХП орқали электрон шаклда берилган тақдирда, ариза берувчи эр (хотин)нинг шахси Face-ID ёки MyID тизимлари орқали тасдиқланади.
Натижаси юзасидан ФҲДЁ органи бир иш куни ичида ариза берувчининг ЯИДХПдаги шахсий кабинетига аризани кўриб чиқиш вақти ва ўзи ёки ишончнома асосида ҳаракат қилувчи вакили томонидан суднинг тегишли ҳал қилув қарорининг асл нусхасини олиб келиши ҳақида хабарнома юборади.
Бунда хабарнома юборилган кундан бошлаб, беш иш куни ичида ариза берган эр (хотин) ёки ишончнома асосида ҳаракат қилувчи вакил бевосита мурожаат қилмаса ҳамда суднинг тегишли ҳал қилув қарорининг асл нусхаси тақдим этилмаса, ушбу ариза кўриб чиқилмайди.
МДҲ мамлакати ва чет эл давлат суди томонидан қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори асосида Ўзбекистон Республикаси фуқароси билан никоҳдан ажратиш (қарор қачон чиққанидан қатъи назар) агар давлатлараро битимда бошқа ҳол назарда тутилмаган бўлса, умумий тартибда ФҲДЁ органида қайд этилади. Никоҳдан ажратишни қайд этишда Ўзбекистон Республикасининг «Давлат божи тўғрисида»ги Қонуни билан белгиланган миқдорда давлат божи ундирилади.
Хизмат учун давлат божи қонунга мувофиқ ундирилади.