Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 29691 марта ўқилди

Боланинг энг устун манфаатлари

Ота-оналик ҳуқуқлари боланинг ҳуқуқ ва манфаатларига зид равишда амалга оширилиши мумкин эмас. Боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш ота-она ғамхўрлигининг асосини ташкил қилиши керак.

Ота-она ўз ҳуқуқларини амалга оширишда боланинг:

  • жисмоний ва руҳий соғлиғига;
  • маънавий ва ахлоқий ривожланишига;
  • шаъни ва қадр-қимматига зарар етказишга ҳақли эмас.

Муҳим: болани менсимаслик, шафқатсиз ёки қўпол муомала қилиш, ҳақоратлаш, қадр-қимматини камситиш ва эксплуатация қилишга йўл қўйилмайди.

Тарбияга оид масалаларни ҳал қилиш

Боланинг таълим-тарбиясига оид масалалар ота-она томонидан ўзаро келишув асосида ҳал қилинади. Бунда:

  • боланинг энг устун манфаатлари;
  • боланинг ёши ва етуклигидан келиб чиққан ҳолда унинг фикри ҳисобга олиниши керак.

Ота-она келиша олмаса, улардан бири ёки иккаласи васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга мурожаат қилиши мумкин.

Боладан алоҳида яшаётган ота ёки онанинг ҳуқуқлари

Боладан алоҳида яшаётган ота ёки она:

  • бола билан кўришиш;
  • унинг тарбиясида иштирок этиш;
  • таълим олишига оид масалаларни ҳал қилишда қатнашиш;
  • таълим, тиббиёт ва бошқа тегишли ташкилотлардан бола ҳақида ахборот олиш ҳуқуқига эга.

Ота-она кўришиш тартиби тўғрисида ёзма келишув тузиши мумкин. Келишувга эришилмаса, низо суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади.

Бола билан бирга яшаётган ота ёки она, агар кўришиш боланинг жисмоний ёки руҳий соғлиғига ва ахлоқий камолотига зарар етказмаса, иккинчи тарафнинг бола билан мулоқотига тўсқинлик қилмаслиги керак.

Ҳуқуқларни суиистеъмол қилиш

Ота-оналик ҳуқуқларини бола манфаатларига зид амалга ошириш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка, оғир ҳолатларда эса ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ёки ундан маҳрум қилишга асос бўлиши мумкин.

Chat