Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 64418 марта ўқилди

Фарзандликка олишнинг умумий тартиби

Фарзандликка олиш болани фарзандликка олишни хоҳлаган шахснинг аризасига асосан суд томонидан амалга оширилади.

Суд фарзандликка олиш тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда туман ёки шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг фарзандликка олиш асослилиги ва боланинг манфаатларига мувофиқлиги ҳақидаги хулосасини ҳисобга олади.

Муҳим! Фарзандликка олишга фақат боланинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва энг устун манфаатларига мувофиқ бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Ака-ука ва опа-сингилларни турли шахслар томонидан фарзандликка олишга, қоида тариқасида, йўл қўйилмайди. Бунга фақат болаларнинг манфаатларидан келиб чиқадиган асосланган ҳолларда йўл қўйилиши мумкин.

Номзод сифатида мурожаат қилиш

Фарзандликка олишни хоҳлаган шахс яшаш жойидаги туман ёки шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига бевосита ёки ҳудудга бириктирилган ижтимоий ходим орқали мурожаат қилади.

Мурожаат асосида номзоднинг:

  • шахси ва оилавий ҳолати;
  • соғлиғи;
  • даромад манбалари;
  • судланганлиги;
  • турар жой ва маиший шароитлари;
  • болани тарбиялаш имконияти;
  • қонунчиликда белгиланган тақиқлар доирасига кириши ёки кирмаслиги ўрганилади.

Қонунчиликда назарда тутилган маълумотларнинг бир қисми ваколатли орган томонидан идоралараро ахборот алмашинуви орқали олинади.

Тайёрлов курсидан ўтиш

Фарзандликка олишни хоҳлаган шахслар, қоида тариқасида, фарзандликка олувчилар ва тутинган ота-оналарни тайёрлаш курсидан ўтиши ҳамда тегишли сертификат олиши керак.

Тайёрлов курсида боланинг психологик хусусиятлари, унинг оилага мослашуви, бола билан муносабат ўрнатиш, тарбиялаш усуллари ҳамда фарзандликка олувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушунтирилади.

Ўгай ота ёки ўгай она томонидан ўгай болани фарзандликка олишда тайёрлов курсидан ўтиш ихтиёрий ҳисобланади.

Фарзандликка олувчига қўйиладиган талаблар

Вояга етган эркак ёки аёл фарзандликка олувчи бўлиши мумкин.

Фарзандликка олувчи билан фарзандликка олинаётган бола ўртасидаги ёш фарқи, ўгай ота ёки ўгай она томонидан фарзандликка олиш ҳолатлари бундан мустасно, камида 15 ёш бўлиши керак.

Қуйидаги шахслар фарзандликка олувчи бўла олмайди:

  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ота-оналик ҳуқуқи чекланганлар;
  • муомалага лаёқсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
  • қонунчиликда белгиланган айрим касалликларга чалинганлар;
  • илгари фарзандликка олиш бекор қилинган ва бунда уларнинг айби аниқланган шахслар;
  • васий, ҳомий ёки тутинган ота-она мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлар;
  • қонунчиликда кўрсатилган жиноятлар учун судланганлар;
  • боланинг хавфсизлиги ва муносиб тарбияланишини таъминлай олмайдиган бошқа шахслар.

Фарзандликка олишдаги устунлик

Фарзандликка олишда, бошқа тенг шартларда, қуйидагилар устунлик ҳуқуқига эга:

  • боланинг қариндошлари;
  • бола оиласида яшаётган шахс;
  • ака-ука ва опа-сингилларни ажратмасдан фарзандликка олаётган шахс;
  • ўгай ота ёки ўгай она;
  • Ўзбекистон Республикаси фуқаролари;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа шахслар.

Устунлик ҳуқуқининг мавжудлиги боланинг манфаатларини баҳоламасдан автоматик равишда фарзандликка олиш ҳуқуқини бермайди.

Боланинг розилиги

10 ёшга тўлган болани фарзандликка олиш учун унинг розилиги талаб қилинади. Боланинг розилиги ваколатли орган ёки суд томонидан, унга босим ўтказилмаган ҳолда аниқланади.

Болага фарзандликка олишнинг моҳияти ва ҳуқуқий оқибатлари унинг ёши ҳамда тушуниш қобилияти ҳисобга олинган ҳолда тушунтирилади.

Агар бола фарзандликка олувчининг оиласида тарбияланаётган ва уни ўз ота-онаси деб билган бўлса, фарзандликка олиш боланинг алоҳида розилигини олмасдан амалга оширилиши мумкин.

Ота-онанинг розилиги

Болани фарзандликка олиш учун, қоида тариқасида, унинг ота-онаси рози бўлиши керак.

Ота-онанинг розилиги ёзма шаклда расмийлаштирилади. Ота-она фарзандликка олиш ҳақида суд қарори қабул қилингунига қадар берган розилигини қайтариб олиш ҳуқуқига эга.

Ота-онанинг розилиги қуйидаги ҳолларда талаб қилинмайди:

  • ота-онанинг кимлиги номаълум бўлса;
  • ота-она ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса;
  • ота-она муомалага лаёқсиз деб топилган бўлса;
  • ота-она бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган бўлса;
  • ота-она бир йилдан ортиқ вақт давомида боласидан узрли сабабларсиз хабар олмаган бўлса.

Судда кўриб чиқиш

Фарзандликка олиш тўғрисидаги ариза фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан алоҳида иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.

Суд:

  • номзоднинг болани тарбиялаш имкониятини;
  • боланинг оилага мослашганлигини;
  • номзод ва бола ўртасида шаклланган муносабатларни;
  • боланинг соғлиғи, ёши ва фикрини;
  • ака-ука ва опа-сингиллар билан алоқаларини;
  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг хулосасини баҳолайди.

Фарзандликка олиш суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга кирган кундан бошлаб ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқаради.

Фарзандликка олишнинг ҳуқуқий оқибатлари

Фарзандликка олинган бола шахсий ва мулкий ҳуқуқларда фарзандликка олувчининг ўз фарзандига тенглаштирилади.

Бола билан фарзандликка олувчи ва унинг қариндошлари ўртасида ота-она, фарзанд ҳамда қариндошларга хос бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлар вужудга келади.

Фарзандликка олинган бола билан унинг биологик ота-онаси ўртасидаги шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар, қонунчиликдаги айрим истиснолардан ташқари, тугайди.

Фарзандликка олиниш вақтида боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олиш ҳуқуқига эга бўлган бола фарзандликка олинганидан кейин ҳам ушбу ҳуқуқини сақлаб қолади.

Фарзандликка олиш сири қонун билан ҳимоя қилинади. Уни фарзандликка олувчининг эркига қарши ошкор қилиш қонунчиликда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлиши мумкин.

Фарзандликка олишни бекор қилиш асослари

Фарзандликка олиш, агар фарзандликка олувчилар:

  • ўз мажбуриятларини бажаришдан бўйин товласа ёки уларни лозим даражада бажармаса;
  • ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса;
  • болага нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлса;
  • муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлса, бекор қилиниши лозим.

Суд боланинг манфаатларидан келиб чиқиб ва унинг фикрини ҳисобга олган ҳолда бошқа асосларга кўра ҳам фарзандликка олишни бекор қилиши мумкин.

Фарзандликка олиш фақат суд тартибида бекор қилинади. Ишни кўриб чиқишда 10 ёшга тўлган боланинг фикри ҳисобга олинади.

Фарзандликка олишни бекор қилишни:

  • боланинг ота-онаси;
  • прокурор;
  • ваколатли орган;
  • Болалар масалалари бўйича комиссия;
  • 16 ёшга тўлган фарзандликка олинган бола талаб қилиши мумкин.

Фарзандликка олиш бекор қилингандаги оқибатлар

Суд фарзандликка олишни бекор қилганда бола билан фарзандликка олувчи ва унинг қариндошлари ўртасидаги ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлар тугайди.

Бола билан унинг биологик ота-онаси ва қариндошлари ўртасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлар, агар бу боланинг манфаатларига зид бўлмаса, тикланиши мумкин.

Болани биологик ота-онасига қайтариш мумкин бўлмаса ёки бундай қайтариш унинг манфаатларига зид бўлса, бола ваколатли орган қарамоғига топширилади.

Материал Ўзбекистон Республикасининг Оила кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 893-сон қарори асосида тайёрланди.

Chat