Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 132887 марта ўқилди

Васийлик ва ҳомийликнинг мазмуни

Васийлик 14 ёшга тўлмаган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқароларга белгиланади.

Васий васийликдаги шахснинг қонуний вакили бўлиб, унинг номидан ва манфаатларини кўзлаб зарур юридик ҳаракатларни амалга оширади.

Ҳомийлик 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга, шунингдек суд томонидан муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларга белгиланади.

Ҳомий ҳомийликдаги шахсга ўз ҳуқуқларини амалга ошириш ва мажбуриятларини бажаришда кўмаклашади ҳамда уни учинчи шахсларнинг суиистеъмолликларидан ҳимоя қилади.

Соғлиғи туфайли ўз ҳуқуқларини мустақил амалга ошира олмайдиган вояга етган муомалага лаёқатли фуқарога унинг илтимосига кўра ҳомийлик белгиланиши мумкин.

Вояга етмаганларга нисбатан ваколатли орган

Вояга етмаган шахсларга нисбатан васийлик ва ҳомийлик органи — боланинг яшаш ёки турган жойидаги туман ёки шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳисобланади.

«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази:

  • васийлик ёки ҳомийликка муҳтож болаларни аниқлайди ва ҳисобга олади;
  • боланинг турмуш ва яшаш шароитларини баҳолайди;
  • васий ёки ҳомий бўлишни хоҳлаган шахсларни танлайди;
  • номзоднинг турмуш ва маиший шароитларини ўрганади;
  • васийлик ёки ҳомийликни белгилаш ҳақида қарор қабул қилади;
  • боланинг мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларини ҳимоя қилади;
  • васий ва ҳомийларнинг ўз мажбуриятларини бажаришини назорат қилади.

Вояга етмаган болага васийлик ёки ҳомийлик энди туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори билан эмас, «Инсон» ижтимоий хизматлар марказининг қарори билан белгиланади.

Вояга етган шахсларга нисбатан ваколатли органлар

Суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган фуқароларга, шунингдек соғлиғи туфайли ҳомийликка муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли шахсларга нисбатан зарур ҳужжатларни тайёрлаш ва шароитларни ўрганиш туман ёки шаҳар тиббиёт бирлашмалари томонидан амалга оширилади.

Мазкур тоифадаги вояга етган шахсларга васий ёки ҳомий тайинлаш туман ёки шаҳар ҳокимининг қарори асосида амалга оширилади.

Шу тариқа, вояга етмаган болалар ва вояга етган шахсларга нисбатан ваколатли органлар ҳамда қарор қабул қилиш тартиби бир-биридан фарқ қилади.

Васийлик ёки ҳомийликка муҳтож шахслар

Васийлик ёки ҳомийлик қуйидагиларга белгиланиши мумкин:

  • етим болаларга;
  • ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга;
  • ота-онаси ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинмаган бўлса-да, ҳаёти ёки соғлиғига бевосита таҳдид мавжуд бўлган болаларга;
  • ота-онаси билан яшаши боланинг қонуний манфаатларига зид бўлган ҳолларда;
  • суд томонидан муомалага лаёқсиз деб топилган фуқароларга;
  • суд томонидан муомала лаёқати чекланган фуқароларга;
  • соғлиғи туфайли ҳомийликка муҳтож бўлган вояга етган муомалага лаёқатли шахсларга.

Васий ёки ҳомий бўлишга қўйиладиган талаблар

Васий ёки ҳомий этиб фақат вояга етган муомалага лаёқатли шахс унинг розилиги билан тайинланади.

Номзодни баҳолашда:

  • унинг ахлоқий ва шахсий фазилатлари;
  • васийлик ёки ҳомийлик мажбуриятларини бажариш қобилияти;
  • бола ёки бошқа ҳимояга муҳтож шахс билан муносабатлари;
  • номзоднинг оила аъзолари муносабати;
  • турар жой ва маиший шароитлари;
  • 10 ёшга тўлган боланинг истаги инобатга олинади.

Васий ёки ҳомий этиб тайинланишда боланинг қариндошлари, бола яшаётган оиладаги шахслар, ака-ука ва опа-сингилларни ажратмасдан қабул қилаётган шахслар устунлик ҳуқуқига эга.

Васий ёки ҳомий бўла олмайдиган шахслар

Қуйидагилар васий ёки ҳомий этиб тайинланмайди:

  • ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ёки ҳуқуқи чекланган шахслар;
  • муомалага лаёқсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилганлар;
  • илгари фарзандликка олиш уларнинг айби билан бекор қилинган шахслар;
  • васий ёки ҳомий мажбуриятларини лозим даражада бажармагани учун четлаштирилганлар;
  • қонунчиликда кўрсатилган жиноятлар учун судланганлар;
  • васий ёки ҳомий бўлишга тўсқинлик қилувчи касалликларга чалинганлар;
  • боланинг хавфсизлиги ва манфаатларини таъминлай олмайдиган бошқа шахслар.

Вояга етмаганга васийлик ёки ҳомийликни белгилаш

Номзод бўйича ижобий хулоса васийлик ёки ҳомийликни белгилаш ҳақида қарор қабул қилиш учун асос ҳисобланади.

«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази тақдим этилган ҳужжатларни уч иш куни ичида кўриб чиқади ва қарор қабул қилади.

Қарор қабул қилинганидан кейин у бир иш куни ичида васий ёки ҳомийга юборилади. Болага оид асосий ҳужжатлар ҳамда унга тегишли мол-мулк рўйхати белгиланган тартибда васий ёки ҳомийга топширилади.

Дастлабки васий ёки ҳомий

Боланинг манфаатларини зудлик билан ҳимоя қилиш зарур бўлса, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази бир ой муддатга дастлабки васий ёки ҳомий тайинлаши мумкин.

Дастлабки васий ёки ҳомий одатдаги васий ёки ҳомийнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига эга бўлади. Бироқ у боланинг мол-мулкини бола номидан тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмас.

Ота-она вақтинча бўлмаганда

Ота-она уч ойдан ортиқ муддатга, шу жумладан чет давлатга вақтинча чиқиб кетаётганда, боласига васий ёки ҳомий тайинлаш чораларини кўриши керак.

Агар ота-она васий ёки ҳомий тайинламасдан уч ойдан ортиқ вақтга чет давлатга чиқиб кетган бўлса, заруратга кўра «маҳалла еттилиги» далолатномаси асосида болага васийлик ёки ҳомийлик белгиланиши мумкин.

Материал «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 22 сентябрдаги 269-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 893-сон қарори асосида тайёрланди.

Chat