Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 24517 марта ўқилди

Васий ва ҳомий фаолияти устидан назорат

Васийлар ва ҳомийларнинг ўз мажбуриятларини бажариши устидан назорат васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг ёхуд васий ёки ҳомийнинг яшаш жойидаги ваколатли орган томонидан амалга оширилади.

Вояга етмаган шахсларга нисбатан бундай ваколатли орган — туман ёки шаҳар «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ҳисобланади.

Назоратнинг мақсади васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг:

  • хавфсиз шароитда яшаётганини;
  • таълим олаётганини;
  • тиббий ёрдам билан таъминланганини;
  • мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқлари ҳимоя қилинаётганини;
  • унга тегишли маблағлар ўз манфаатлари учун сарфланаётганини аниқлашдан иборат.

Болалар яшайдиган оилалардаги мониторинг

Васийлик ёки ҳомийликка берилган боланинг турмуш ва тарбия шароитлари ҳар уч ойда камида бир марта хонадонга ташриф буюриш орқали ўрганилади.

Мониторинг давомида боланинг яшаш шароити, соғлиғи, таълим олиши, васий ёки ҳомий ва бошқа оила аъзолари билан муносабатлари ҳамда ажратилган маблағлардан фойдаланилиши баҳоланади.

Боланинг ёши ва тушуниш қобилияти ҳисобга олинган ҳолда унинг фикри ҳам алоҳида ўрганилади.

Муҳим! Мониторинг боланинг оилавий ва шахсий ҳаётига асоссиз аралашиш учун эмас, балки унинг ҳуқуқлари, хавфсизлиги ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўтказилади.

Ҳуқуқлар бузилганда хабар бериш

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахснинг ҳаёти ёки соғлиғига бевосита хавф туғилганидан, унга нисбатан зўравонлик содир этилганидан ёхуд ҳуқуқлари бузилганидан хабардор бўлган шахс бу ҳақда:

  • шахс ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига;
  • ички ишлар органларига;
  • прокуратура органларига хабар бериши шарт.

Маълумотни олган органлар шахсни ҳимоя қилиш ва хавфни бартараф этиш бўйича зарур чораларни кўради.

Васий ва ҳомийнинг йиллик ҳисоботи

Васий ёки ҳомий ўз мажбуриятларининг бажарилиши тўғрисидаги ҳисоботни ҳар йили 10 январгача васийлик ва ҳомийлик органига тақдим этади.

Ҳисоботда:

  • шахсга тегишли мол-мулкнинг ҳолати ва сақланаётган жойи;
  • йил давомида олинган даромадлар;
  • алимент, пенсия, нафақа ва бошқа тўловлар;
  • шахснинг эҳтиёжлари учун сарфланган маблағлар;
  • рухсат асосида амалга оширилган мулкий битимлар;
  • таълим, тарбия, соғлиқни сақлаш ва ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича бажарилган ишлар кўрсатилади.

Шикоят қилиш тартиби

Васийликдаги ёки ҳомийликдаги шахс васий ёки ҳомийнинг ҳаракати ёхуд ҳаракатсизлиги устидан васийлик ва ҳомийлик органига ёки судга шикоят қилишга ҳақли.

Бундай шикоятни давлат органлари, муассасалар, маҳалла органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ҳуқуқбузилишдан хабардор фуқаролар ҳам бериши мумкин.

Васий ёки ҳомий ўз мажбуриятларини бажармаса, ҳуқуқини суиистеъмол қилса ёки шахсни назоратсиз ва зарур ёрдамсиз қолдирса, у мажбуриятларни бажаришдан четлаштирилиши мумкин.

Материал Ўзбекистон Республикасининг «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 22 сентябрдаги 269-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 27 декабрдаги 893-сон қарори асосида тайёрланди.

Chat