Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 33760 марта ўқилди

Ота-оналик ҳуқуқини чеклаш нима?

Суд боланинг энг устун манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ота-онани ҳуқуқидан тўлиқ маҳрум қилмасдан, болани ота-онадан ёки улардан биридан олиш тўғрисида қарор чиқариши мумкин. Бу ота-оналик ҳуқуқини чеклаш ҳисобланади.

Чеклашга қуйидаги ҳолларда йўл қўйилади:

  • болани ота-она билан қолдириш уларга боғлиқ бўлмаган сабаблар — руҳий бузилиш, бошқа сурункали касаллик, оғир ҳаётий вазият ва бошқа ҳолатлар туфайли бола учун хавфли бўлса;
  • ота-онанинг хулқ-атвори бола учун хавф туғдирса, аммо ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш учун ҳали етарли асослар аниқланмаган бўлса.

Муҳим! Ҳуқуқни чеклаш ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш билан бир хил эмас. Бироқ ҳар икки ҳолатда ҳам асосий мезон — боланинг хавфсизлиги ва энг устун манфаатлари.

Агар ота-она ўз хулқ-атворини ўзгартирмаса, васийлик ва ҳомийлик органи суд қарори чиқарилганидан кейин олти ой ўтгач, уни ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳақида даъво киритиши шарт. Боланинг манфаатлари талаб қилса, даъво олти ой ўтмасидан ҳам киритилиши мумкин.

Судга кимлар мурожаат қилиши мумкин?

Даъво қуйидагилар томонидан тақдим этилиши мумкин:

  • боланинг яқин қариндошлари;
  • васийлик ва ҳомийлик органи ҳамда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи бошқа органлар;
  • мактабгача таълим ва умумтаълим ташкилотлари;
  • бола тарбияланаётган бошқа муассасалар;
  • прокурор.

Иш прокурор ва васийлик ҳамда ҳомийлик органи иштирокида кўрилади. Суд боланинг таъминоти учун алимент ундириш масаласини ҳам ҳал қилади.

Чеклашнинг оқибатлари

Ҳуқуқи чекланган ота-она болани шахсан тарбиялаш, шунингдек болали фуқаролар учун белгиланган имтиёз ва нафақаларни олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади.

Шу билан бирга:

  • ота-она болага таъминот бериш мажбуриятидан озод қилинмайди;
  • бола турар жойга бўлган мулк ёки ундан фойдаланиш ҳуқуқини сақлайди;
  • боланинг мерос олиш ва бошқа мулкий ҳуқуқлари сақланиб қолади;
  • ҳар икки ота-онанинг ҳуқуқи чекланса, бола васийлик ва ҳомийлик органи қарамоғига берилади.

Бола билан кўришиш мумкинми?

Агар мулоқот болага салбий таъсир кўрсатмаса, ота-онанинг бола билан кўришишига рухсат берилиши мумкин. Бунинг учун васийлик ва ҳомийлик органи, васий ёки ҳомий, тутинган ота-она ёхуд бола турган муассаса маъмуриятининг розилиги талаб этилади.

Чекловни бекор қилиш

Чеклашга сабаб бўлган ҳолатлар бартараф этилса, суд ота-онанинг даъвоси асосида болани унга қайтариш ва чекловларни бекор қилиш ҳақида қарор чиқариши мумкин.

Агар болани қайтариш унинг энг устун манфаатларига зид бўлса, суд боланинг фикрини ҳисобга олиб даъвони рад этишга ҳақли.

Тартиб Ўзбекистон Республикасининг Оила кодексининг 83–86-моддалари билан белгиланган.

Chat