Таълим-тарбия қандай ташкил этилади?
Мактабгача таълим ташкилоти болаларни тарбиялаш, ўқитиш, парваришлаш ва соғломлаштиришни давлат талабларига мувофиқ таъминлайди.
Таълим мазмуни Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тасдиқлаган давлат таълим дастури асосида ишлаб чиқилган ташкилот дастури билан белгиланади. Таълим-тарбия жараёнининг асосий шакли ўйин ҳисобланади.
Таълим-тарбия жараёни — боланинг жисмоний, ақлий, нутқий, ижтимоий, ҳиссий ва ижодий ривожланишига қаратилган машғулотлар, ўйинлар ва кундалик фаолиятлар мажмуаси.
Ўқув йили қанча давом этади?
Мактабгача таълим ташкилотида:
- ўқув йили — 2 сентябрдан кейинги йилнинг 31 майигача;
- ёзги соғломлаштириш даври — 1 июндан 31 августгача давом этади.
Машғулотлар йиллик, календарь-мавзули режалар ва жадвал асосида ташкил этилади.
Гуруҳларнинг иш режими қандай?
Болаларнинг ташкилотда бўлиш давомийлигига қараб:
- қисқа муддатли гуруҳлар — кунига 3–4 соат;
- тўлиқ кунли гуруҳлар — 9, 10,5 ёки 12 соат;
- кечаю кундуз ишлайдиган гуруҳлар ташкил этилиши мумкин.
Аниқ иш режими ташкилот устави, муассис қарори ва ота-она билан тузилган шартномада белгиланади.
Овқатланиш ва дам олиш қандай ташкил этилади?
Гуруҳ режимига қараб:
- 3–4 соатлик гуруҳда бир марталик овқатланиш мумкин, кундузги уйқу ташкил этилмайди;
- 9–10,5 соатлик гуруҳда уч марталик овқатланиш ва кундузги уйқу;
- 12 соатлик гуруҳда тўрт марталик овқатланиш ва кундузги уйқу;
- кечаю кундузги гуруҳда беш марталик овқатланиш, кундузги ва тунги уйқу учун шароит яратилади.
Боланинг тиббий кўрсатмалари мавжуд бўлса, овқатланишни ташкил этишда унинг соғлиғи ва парҳезга бўлган эҳтиёжи ҳисобга олиниши керак.
Боланинг қандай ҳуқуқлари бор?
Мактабгача ёшдаги бола:
- соғлиғи учун хавфсиз шароитда таълим ва тарбия олиш;
- давлат кафолатлаган ҳажмда бепул тиббий ёрдам олиш;
- жисмоний ва руҳий зўравонликдан ҳимояланиш;
- шаъни ва қадр-қиммати камситилмаслиги;
- ёши ва эҳтиёжларига мос таълим олиш ҳуқуқига эга.
Ота-оналарнинг қандай ҳуқуқлари бор?
Боланинг қонуний вакиллари:
- таълим шакли ва таълим олиш тилини танлаш;
- боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;
- ташкилотдан зарур таълим, парвариш ва хавфсизлик шароитларини талаб қилиш;
- боланинг ривожланиши ва таълим жараёни ҳақида ахборот олиш;
- ташкилот фаолияти билан боғлиқ қарор ва ҳаракатлар устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга.
Боланинг соғлиғи ёмонлашса нима қилинади?
Бола ташкилотда бўлган вақтда соғлиғи ёмонлашса ёки нохуш ҳолат юз берса:
- тиббиёт ходимига;
- боланинг ота-онаси ёки қонуний вакилига зудлик билан хабар берилиши;
- зарур биринчи тиббий ёрдам кўрсатилиши шарт.
Болалар ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказилиши ва уларнинг соғлиғи мониторинг қилиниши керак.