Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Хитойга киришда ёлғон маълумот бериш беш йилгача тақиққа сабаб бўлиши мумкин

  • 17.09.2026
  • 30 марта ўқилди

Хитойда 2026 йил 15 сентябрдан кириш-чиқишни тартибга солувчи янги қоидалар кучга кирди. Виза олишда ёки чегарада ёлғон маълумот тақдим этган хорижликларга мамлакатга кириш бир йилдан беш йилгача тақиқланиши мумкин.


Янги тартибга кўра, сафар ва мамлакатда бўлиш мақсади ҳаққоний ҳамда қонуний бўлиши керак. Миграция ва виза органлари шахснинг маълумотларини текшириш учун қўшимча ҳужжатлар, тушунтиришлар ва электрон маълумотларни талаб қилиши мумкин.

Хорижлик шахс чет элда Хитой визасини расмийлаштиришда ёки чегара пунктида кириш учун мурожаат қилганда сохта ҳужжат тақдим этса ёхуд ёлғон маълумот берса, ваколатли орган 1 йилдан 5 йилгача кириш тақиқини белгилаши мумкин.

Фуқаролар учун муҳим: бу барча хорижликларга қўйилган умумий тақиқ эмас. Чеклов қоидаларда кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар учун қўлланиши мумкин.

Айрим чиқиш чекловлари эса Хитой фуқароларига тааллуқли. Масалан, хорижда давлат хавфсизлиги ва манфаатларига зарар етказувчи ҳуқуқбузарлик содир этган фуқаронинг қайтиб келганидан кейин мамлакатдан чиқиши 6 ойдан 3 йилгача чекланиши мумкин.

Advice.uz тавсияси: ариза ва сафар ҳужжатларидаги маълумотларни топширишдан олдин текширинг. Воситачи тайёрлаган ҳужжатларни ҳам ўқиб чиқинг, сафар мақсадини тўғри кўрсатинг.

Ҳуқуқий асос: Хитой Давлат кенгашининг 2026 йил 22 июлдаги 841-сон фармойиши билан тасдиқланган кириш-чиқишни бошқариш қоидаларининг 3–5 ва 19-моддалари. Ҳужжат матни.

Chat