Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Электротехника корхоналарига 6 фоизли кредит ва янги имтиёзлар берилади

  • 17.09.2026
  • 24 марта ўқилди

Электротехника саноатида айланма маблағ, хомашё хариди ва инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун янги имкониятлар яратилади. Корхоналарга имтиёзли кредитлар, кафиллик ва фоиз харажатлари компенсацияси, белгиланган талабларга мос йирик инвесторларга эса 10 йиллик солиқ имтиёзлари назарда тутилган.


2026 йил 1 октябрдан электротехника саноати корхоналарининг айланма маблағларини тўлдириш учун тижорат банклари орқали йиллик 6 фоизли кредитлар ажратилади. Ушбу ставкага 2 фоизлик банк маржаси ҳам киритилган.

«Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ маблағлари ҳисобидан бериладиган кредит миқдори битта тадбиркор учун 5 миллион АҚШ долларидан ошмайди. Муддати — 2 йилгача, имтиёзли даври — 3 ой.

Кредитнинг 50 фоизига, бироқ 20 миллиард сўм эквивалентидан ошмаган қисмига «Бизнесни кафолатлаш миллий компанияси» АЖ кафиллиги тақдим этилади. Қолган қисми учун корхона ликвидли мол-мулк, суғурта полиси, экспорт шартномасидан келгусидаги тушумларга талаб ҳуқуқи ва/ёки бошқа таъминот тақдим этади.

Мис хариди учун тўловни кечиктириш имконияти

Биржа орқали мис хомашёси сотиб олинганда, қийматнинг 25 фоизини корхона, қолган 75 фоизини «Ўзсаноатэкспорт» АЖ 3 кун ичида тўлайди.

Қолган 75 фоиз маблағ корхона томонидан 90 кун ичида қайтарилади. Кечиктирилган ҳар бир кун учун йиллик 6 фоиз ставка асосида фоиз ҳисобланади.

Битта тадбиркорнинг «Ўзсаноатэкспорт» АЖ олдидаги қарздорлиги 3 миллион АҚШ долларидан ошмаслиги керак. Мажбуриятни таъминлаш учун суғурта полиси тақдим этилади.

Мазкур механизм учун «Савдони ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан «Ўзсаноатэкспорт» АЖга 40 миллион АҚШ доллари ажратилади. Маблағлар ПҚ–304-сон қарорнинг 6-банди бўйича аввал ажратилган маблағларнинг ўзлаштирилмаган қисмидан йўналтирилади.

Инвестиция кредитлари фоизининг бир қисми қопланади

2026–2028 йиллардаги инвестиция лойиҳалари учун ажратиладиган кредитларнинг 20 миллиард сўм эквивалентигача бўлган қисми бўйича фоиз харажатлари компенсация қилинади. Бунда кредитнинг умумий миқдори, тадбиркорнинг барқарорлик рейтинги ва ҳудуд тоифаси чеклов бўлмайди.

Компенсация «Тадбиркорликни ривожлантириш компанияси» АЖ томонидан тегишли жамғарма ҳисобидан қуйидагича берилади:

  • Миллий валютадаги кредитлар: ставка Марказий банк асосий ставкасининг икки бараваридан ошмаслиги керак. Кредит ставкасининг асосий ставкадан 4 фоиз пункт юқори чегарадан ошган қисми, кўпи билан 10 фоиз пункт миқдорида қопланади.
  • Хорижий валютадаги кредитлар: ставканинг 6 фоиздан юқори қисми, кўпи билан 5 фоиз пункт миқдорида қопланади.

Компенсация «2+1» тамойилида берилади: дастлаб икки йил тўланади. Учинчи йил давом эттирилиши учун маҳсулот ёки хизматларни сотишдан йиллик тушум аввалги йилнинг мос даврига нисбатан камида 15 фоизга ошиши шарт.

Йирик инвесторларга қандай шартлар белгиланган?

Электротехника, электроника ва робототехника соҳаларида сўнгги уч йилда «Forbes Global 2000» рейтинги ва халқаро етказиб бериш занжирларига кирган, камида 50 миллион АҚШ доллари инвестиция киритадиган таянч инвесторлар учун алоҳида имкониятлар назарда тутилган.

Инвестиция шартномасида уч йилда қўшилган қийматни 40 фоиздан ошириш, йиллик фойданинг камида 3 фоизини илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишларига йўналтириш мажбуриятлари белгиланади.

Бундай инвесторларга махсус иқтисодий зоналарда электр, газ, сув, тозалаш иншоотлари ва темир йўл коммуникациялари билан таъминланган бинолар тайёр ҳолда ажратилади. Уларга ер, мол-мулк ва фойда солиғидан 10 йилга озод этиш имтиёзи берилади.

Ҳуқуқий асос: Президентнинг 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ–325-сон «Электротехника саноатини ривожлантиришни янги босқичга олиб чиқиш ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори.

Chat