Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Уй-жой нархлари ўрганилди: Шайхонтоҳурда 1 кв. метр 25,3 млн, Қувасойда 4,5 млн сўм

  • 18.09.2026
  • 24 марта ўқилди

Ўзбекистоннинг 12 та агломерациясидаги 35 та шаҳар ва туманда кўчмас мулкнинг ўртача бозор нархлари таҳлил қилинди. Ўрганилган ҳудудлар орасида кўп қаватли уйлардаги хонадонлар нархи бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкентнинг Шайхонтоҳур туманида, энг пасти эса Қувасойда қайд этилган.


Барқарор урбанизация ва уй-жой бозори миллий қўмитаси 2026 йил 1 сентябрь ҳолатига кўчмас мулкнинг ўртача бозор нархларини эълон қилди. Таҳлил кўп қаватли уйлардаги хонадонлар, якка тартибдаги уй-жойлар ва нотурар объектларни қамраб олган.

Тошкент шаҳрида хонадонларнинг энг юқори ўртача нархи Шайхонтоҳур туманида — 1 кв. метр учун 25,3 млн сўм бўлган. Кейинги ўринларда Миробод — 23,2 млн, Яккасарой — 20,5 млн, Мирзо Улуғбек — 19,6 млн сўм.

Пойтахтда нисбатан арзон ҳудудлар Бектемир ва Сергели бўлиб, уларда 1 кв. метр ўртача 11,5 млн сўмни ташкил этган. Энг паст кўрсаткич Янгиҳаёт туманида — 11 млн сўм.

Якка тартибдаги уй-жойлар бўйича Тошкентда энг юқори кўрсаткич Мирзо Улуғбек туманида — бир сотих учун 1,72 млрд сўм, энг пасти Бектемирда — 394 млн сўм.

Ҳудудларда Самарқанд ҳам юқори нархлари билан ажралиб турган: кўп қаватли уйлардаги хонадонларнинг 1 кв. метри ўртача 11,8 млн сўм, хусусий уй-жойларда бир сотих 472,1 млн сўмга баҳоланган. Бухорода хонадонлар — 8,4 млн, Чирчиқда — 9 млн, Нукусда эса 5,6 млн сўм/кв. метр атрофида бўлган.

Ўрганилган ҳудудлар ичида квартираларнинг энг паст ўртача нархи Қувасойда — 4,5 млн сўм/кв. метр қайд этилган. Шу тариқа, энг қиммат ва энг арзон ҳудуд ўртасидаги фарқ қарийб 6 бараварни ташкил этган.

Муҳим: кўрсаткичлар электрон савдо майдончаларида эълон қилинган таклиф нархлари мониторинги асосида шакллантирилган. Улар ҳар бир реал олди-сотди битимининг якуний нархини англатмайди. **

Chat