Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

My.gov.uz орқали ўз номингизга расмийлаштирилган барча фаол банк карталарини кўриш мумкин

  • 02.10.2026
  • 18 марта ўқилди

Ягона интерактив давлат хизматлари порталида «Банк карталари» бўлими ишга туширилди. У орқали фуқаролар ўз номига очилган пластик ва виртуал банк карталари ҳақида маълумотни бир жойда кўриши мумкин. Хизмат ҳозирча тест режимида ишламоқда.


Пластик ва виртуал карталар бир жойда кўринади

Янги хизмат орқали фойдаланувчи Ўзбекистонда фаолият юритаётган тижорат банклари томонидан унинг номига расмийлаштирилган фаол пластик банк карталарини, шунингдек, банкларнинг мобиль иловалари орқали масофадан очилган виртуал карталарини кўриши мумкин.

Хизматдан фойдаланиш учун my.gov.uz порталида шахсий кабинетга кириб, «Банк карталари» бўлимини танлаш кифоя.

Муҳим: ҳозирги босқичда хизмат тест режимида ишлаяпти ва унда фақат Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган тижорат банклари томонидан чиқарилган карталар акс этади.

Карталарни бошқариш имкониятлари ҳам кенгайтирилади

Президентнинг 2026 йил 15 июлдаги ПҚ–265-сон қарорига мувофиқ, Ягона портал орқали фуқароларга ўз номига расмийлаштирилган банк карталари ҳақида маълумот олиш билан бирга, картани блоклаш ёки ёпиш бўйича эмитент банкка электрон мурожаат юбориш имкониятини ҳам яратиш белгиланган.

Мазкур механизм фуқарога ўз номига очилган карталарни назорат қилиш, жумладан, ўзи фойдаланмайдиган ёки аввал очилган карталарни аниқлашда қўшимча қулайлик яратади.

Chat