Марказий банк бошқаруви тасдиқлаган йўриқнома 2026 йил 17 ноябрда 3977-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилди.
Банклар аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларга ҳисобварақларидаги маблағлар доирасида биринчи талабга кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда нақд пул беришни узлуксиз таъминлайди. Банк кассалари муомаладаги нақд пулни номинал қиймати бўйича қабул қилади.
Марказий банк ва тижорат банклари бир номиналдаги банкнот ёки тангаларни бошқа номиналдаги пул белгиларига талабга кўра бепул айирбошлайди.
Банклар ойлик нақд пул кирими ва чиқими прогнозини тегишли ой бошланишидан камида 3 банк иш куни олдин электрон шаклда тақдим этади. Кассалар ва банкоматларни таъминлаш учун нақд пул қолдиқлари ҳамда кутилган кирим ва чиқим ҳар куни таҳлил қилинади.
Ортиқча нақд маблағи бор банклар уни электрон майдон орқали таклиф қилади, эҳтиёжи бор банклар эса электрон талабнома юборади. Нақд пулни банклар ўртасида инкассация хизмати ташийди.
Пул белгиларидаги ёзувлар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлади. Уларда номинал, Марказий банк номи, намуна тасдиқланган йил, Давлат герби ёки байроғи тасвири ва ҳимоя элементлари кўрсатилади. Банкнотларда номинал сўз билан ҳам ёзилади, серия ва рақам, тўловга қабул қилиш мажбурийлиги ҳамда қалбакилаштирганлик учун жавобгарлик ҳақидаги ёзувлар бўлади.
Марказий банк янги намуна ва унинг тавсифини муомалага чиқариш санасидан камида бир ҳафта олдин оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.
Расмий манба — 3977-сон билан рўйхатдан ўтказилган йўриқнома, Lex.uz