Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Пенсия хизматлари рақамлаштирилади: айрим пенсиялар мурожаатсиз тайинланади

  • 02.10.2026
  • 22 марта ўқилди

Ўзбекистонда пенсия таъминотига оид давлат хизматларини босқичма-босқич рақамлаштириш белгиланмоқда. Айрим пенсиялар фуқароларнинг алоҳида мурожаатисиз тайинланади, интерактив хизматлар кенгайтирилади ҳамда 2027 йилдан Пенсия жамғармасига қоғоз шаклидаги ҳужжатларни тақдим этиш амалиёти бекор қилинади.


Президентнинг 2026 йил 28 сентябрдаги ПҚ-355-сон қарори билан пенсия таъминотига оид фуқароларга кўрсатиладиган хизматларни 2027 йил 1 январга қадар тўлиқ интерактив ва проактив шаклга ўтказиш белгиланди.

Хусусан, 2026 йил 1 ноябрдан ишлар ҳажми қисқаргани ёки корхона тугатилгани сабабли ишсиз деб эътироф этилган шахсларга умумий белгиланган пенсия ёшидан икки йил аввал ёшга доир пенсия алоҳида мурожаатсиз, проактив шаклда тайинланади.

2027 йил 1 январдан эса боқувчисини йўқотганлик пенсиясини тайинлаш ҳам проактив тартибга ўтказилади. Шу санадан «Менинг пенсиям» онлайн хизмати доирасида пенсия ёшига бир йил қолган фуқароларни олдиндан хабардор қилиш имконияти яратилади.

Фуқароларнинг хоҳишига кўра қуйидаги хизматлардан интерактив тарзда фойдаланиш мумкин бўлади:

  • 2026 йил 1 ноябрдан — меҳнат шароити зарарли ва оғир ишларда банд бўлган ҳамда пенсия ёшини қисқартирган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқига эга шахсларга имтиёзли шартларда пенсия тайинлаш;
  • 2026 йил 1 декабрдан — пенсиянинг бошқа турига ўтказиш учун мурожаат қилиш;
  • 2027 йил 1 январдан — пенсия тўловини нақд пул шаклига ўтказиш ҳамда тўхтатиб турилган пенсия тўловларини тиклаш.

Шунингдек, 2027 йил 1 январдан Пенсия жамғармаси фуқаролардан қоғоз шаклидаги ҳужжатлар ва маълумотларни қабул қилишни тўхтатади. Зарур маълумотларни электрон ахборот алмашинуви орқали олиш механизмлари қўлланилади.

Яна бир муҳим ўзгариш — 2026 йил 1 октябрдан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида ишлаётган шахслар ўзини ўзи банд қилганлар учун белгиланган миқдорда ижтимоий солиқ тўласа, уларга бир йил иш стажи автоматик ҳисобланади.

2027 йил 1 январдан эса расмий даромадга эга шахслар ишламайдиган оила аъзоларига иш стажи ҳисобланиши учун ҳар ой ихтиёрий равишда меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 12 фоизи миқдорида ижтимоий солиқ тўлашлари мумкин бўлади.

Chat