Ўзбекистонга кириб келаётган ёки мамлакатдан чиқиб кетаётган йўловчилар эндиликда йўловчи божхона декларациясини олдиндан электрон шаклда тўлдиришлари мумкин. Хизмат my.gov.uz портали орқали бепул ва автоматик тарзда кўрсатилади.
Ягона интерактив давлат хизматлари порталида «Йўловчи божхона декларациясини олдиндан тўлдириш» хизмати ишга туширилган. Ундан фойдаланиш учун порталда авторизациядан ўтиш, тегишли хизматни танлаш, зарур маълумотларни киритиш ва аризани юбориш кифоя.
Хизмат бепул, уни бажариш учун тахминан 5 дақиқа талаб этилади ва қўшимча ҳужжатлар тақдим этиш шарт эмас. Тайёр декларация божхона назоратидан ўтиш вақтида божхона инспекторига тақдим этилади.
Электрон декларацияда йўловчи томонидан олиб кирилаётган ёки олиб чиқилаётган товарлар, нақд валюта, қимматбаҳо буюмлар ва қонунчиликда декларация қилиниши талаб этилган бошқа мол-мулк ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади. Электрон шаклда расмийлаштирилган декларация божхона органларининг ахборот тизимида автоматик шакллантирилади.
Мобил қурилмалар Ўзбекистонга олиб кирилганда, божсиз олиб кириш меъёрларидан қатъи назар декларацияда кўрсатилиши лозим. Ўзбекистонда сотиб олинган ва аввал тегишли идентификация тизимида рўйхатдан ўтказилган мобил қурилмалар бундан мустасно.
Шахсий эҳтиёж учун нотижорат мақсадларда Ўзбекистонга олиб кириладиган товарларнинг божсиз меъёри ҳаво транспортида 1 000 АҚШ доллари, темир йўл ва дарё транспортида 500 АҚШ доллари, автомобиль ёки пиёда ўтказиш пунктлари орқали эса 300 АҚШ доллари этиб белгиланган.
Шунингдек, белгиланган меъёрдан ортиқ нақд валюта, айрим заргарлик буюмлари, дори воситалари, радиоэлектрон воситалар, дронлар, қурол-яроғ ҳамда тарихий-маданий бойликларни олиб ўтишда божхона талабларига риоя қилиш зарур. 100 млн сўм эквивалентидан ортиқ нақд валюта учун декларация талаблари қўлланади.
Электрон декларация божхона ахборот тизимида қайд этилганидан кейин унда кўрсатилган товарлар 30 календарь кун ичида божхона органига тақдим этилмаса, декларация берилмаган деб ҳисобланади ва автоматик равишда бекор қилинади.