Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарлик кучайтирилди

  • 15.10.2026
  • 63 марта ўқилди

Ўзбекистон Республикасининг “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни (ЎРҚ–1180, 14.10.2026 й.) қабул қилинди.
 

Жиноий жавобгарлик:
  • ўн тўрт ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш ва унга нисбатан жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш учун жазо ўн беш йилдан йигирма беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш ёки умрбод озодликдан маҳрум қилиш белгиланди;
  • вояга етмаганга нисбатан жавобгарликни оғирлаштирувчи ҳолатлардаги қасддан одам ўлдириш, терроризм ва бошқа кўрсатилган ҳолатлар учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди;
  • боланинг ўлимига сабаб бўлган қасддан жиноят содир этган шахсга нисбатан шартли ҳукм қилиш қўлланилмайди.

 

Маъмурий жавобгарлик:
  • ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар вояга етмаган боланинг тарбиясидаги мажбуриятларини бажармаса, базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача жарима солинади;
  • болаларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборот маҳсулотини тарқатилганда, ахборот маҳсулоти мусодара қилиниб тарқатган фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти баравари, мансабдор шахсларга эса эллик баравари миқдорида жарима солинади;
  • болалар масалалари бўйича комиссияларнинг қарорини ижро этмаслик ёки ижро этишга тўсқинлик қилган фуқароларга уч бараваридан беш бараваригача, мансабдор шахсларга эса беш бараваридан етти бараваригача жарима солинади.


Меҳнат муносабатлари:

  • болани тарбиялаш ва унга таълим бериш мажбурияти юклатилган таълим ташкилоти ходими болага нисбатан зўравонлик содир этгани учун жавобгарликка тортилса, бу меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қўшимча асос бўлади.


Ҳимоя кафолатлари:

  • зўравонликдан жабрланган ёки зўравонликка гувоҳ бўлган болаларга давлат ҳисобидан юридик ёрдам кўрсатилади;
  • жинсий зўравонликка оид ишларда вояга етмаган жабрланувчига давлат ҳисобидан адвокат иштироки таъминланади.


Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Chat