Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Энди фуқаролар бир қатор хизматлардан фойдаланишда ҳужжатларнинг қоғоз нусхасини тақдим этишлари шарт эмас

  • 26.10.2026
  • 38 марта ўқилди

Адлия вазирлиги ҳужжатларнинг қоғоз шакли ўрнига электрон шаклини тақдим этишга оид идоравий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказди (рўйхат рақамлари 3958 ва 3959, 2026 йил 20 октябрь).

Мазкур ҳужжатлар билан 33 та идоравий ҳужжатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Улар фуқаролар ҳужжатларнинг электрон шаклини тақдим этиши ва тегишли ташкилотлар уларни қабул қилиши имкониятини яратади.

Унга кўра, биометрик паспорт, ID-карта, туғилганлик ва никоҳ гувоҳномалари, пенсия гувоҳномаси, ногиронлик тўғрисидаги маълумотнома, уруш қатнашчиси гувоҳномаси ёки талабалик гувоҳномаси каби ҳужжатларнинг қоғоз шакли ўрнига my.gov.uz ва “Ижтимоий карта” мобил иловасидаги электрон шаклидан фойдаланиш мумкин.
 

Рақамли ҳужжатлар қуйидаги ҳолатларда қабул қилинади:
  • банкларда – банк хизматларидан фойдаланишда ва айрим молиявий операцияларни амалга оширишда шахсни тасдиқлашда;
  • нотариал идораларда – тегишли нотариал ҳаракатларни амалга оширишда;
  • аэропортларда – Ўзбекистон ичидаги авиарейсларга рўйхатдан ўтишда;
  • уруш қатнашчиларига компенсация беришда;
  • телекоммуникация хизматлари кўрсатишда – абонент билан хизмат шартномасини тузишда;
  • қон ва унинг таркибий қисмларини топширишда – донорнинг шахсини тасдиқлашда;
  • ломбардлар билан шартнома тузишда;
  • тиббий-ижтимоий муассасаларда пуллик хизматлар кўрсатишда;
  • фуқароларни ҳарбий рўйхатга олишда ва бошқа бир қатор хизматларни кўрсатишда.


Маълумот учун, Ҳукумат қарорига (897-сон, 27.12.2024 й.) мувофиқ шахсни тасдиқловчи ва бошқа бир қатор ҳужжатларнинг унификацияланган рақамли сервислари жорий этилган.

Chat