Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Лифтдан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатишнинг янги тартиби белгиланди

  • 27.10.2026
  • 33 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (588-сон, 22.10.2026 й.) билан Лифтдан фойдаланиш ва унга техник хизмат кўрсатиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Қарорга кўра, лифтларни рўйхатдан ўтказиш, уларга техник хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузиш ва бекор қилиш, техник хизмат кўрсатиш натижаларини киритиш ва сақлаш “Хавфсиз лифт” ягона идоралараро электрон платформаси орқали амалга оширилади.

Лифтлар ваколатли орган томонидан бепул рўйхатга олинади. Дастлабки техник кўрикнинг ижобий натижаларига асосан лифт икки иш куни ичида рўйхатга олинади ва буюртма берувчига QR-кодли маълумотнома юборилади.

Бино бошқарувчиси лифтга ҳар ойда камида бир марта техник хизмат кўрсатилишини таъминлаши шарт.
 

Лифт кабинасининг кўринарли жойида:

белгиланган шаклдаги идентификация рақами;

лифт рўйхатга олингани ҳақида QR кодли маълумот;
бино бошқарувчиси ва техник хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг номи, манзили ва боғланиш учун маълумотлар бўлиши лозим.


Йўловчи ташувчи лифтда лифтни юк кўтариш қобилиятидан қатъи назар, қурилиш материаллари, қурилиш чиқиндилари ва лифт габаритига мос келмайдиган барча турдаги буюм, нарса ёки жиҳозларни ҳамда портловчи, тез алангаланадиган, радиоактив моддаларни ва заҳарлилик даражаси ўта юқори бўлган моддаларни ташиш тақиқланади.

Электрон платформа орқали сотиб олинмаган ва ўрнатилмаган лифт ва эҳтиёт қисмлардан фойдаланиш тақиқланади.

Ўрнатувчи томонидан муомалага чиқарилган ҳар бир лифт муомалага чиқарилган санадан эътиборан камида уч йил муддат билан кафолатланади. Кафолат муддатида таъмирлаш ишлари ва лифт қисмларини алмаштириш муддати ўн беш кундан ошмаслиги керак.

“Қизил” рангли маълумот ёрлиғи билан белгиланган лифтдан фойдаланиш тақиқланган даврда техник хизмат кўрсатилмайди ва бу даврда техник хизмат кўрсатувчи ташкилот бино бошқарувчисидан ҳар ойлик техник хизмат ҳақини талаб қила олмайди.

Техник хизмат кўрсатувчи ташкилотлар реестрига кириш онлайн хабар бериш йўли билан бепул амалга оширилади.

Қарор 2027 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.

Chat