Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда туризм хизматларини ташкил этган тадбиркорларга имтиёзлар берилади

  • 28.10.2026
  • 38 марта ўқилди

“Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудлардан фойдаланишни тартибга солиш ҳамда хавфсизликни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–387-сон, 27.10.2026 й.) қабул қилинди.

 Қарорга кўра, сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда туризм хизматларини ташкил этган тадбиркорларга 2029 йил 1 октябрга қадар қуйидаги имтиёзлар берилади:

  • юридик шахслар учун ер солиғи ва мол-мулк солиғи ставкалари белгиланган ставкаларнинг 50 фоизи миқдорида қўлланади;
  •  сувда фойдаланишга мўлжалланган GPS қурилмалари, қутқарув ва хавфсизлик анжомлари, замонавий санитария-гигиена шохобчаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришда божхона тўловларини 120 кун муддатга кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.

Сув омборлари ва уларга туташ ҳудудларда ташкил этилган туризм объектларида фаолият олиб борувчи тадбиркорлар томонидан:

  • ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш, уларнинг соғлиғини муҳофаза қилиш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш мақсадида туризм объектлари хавфсизлик воситалари билан жиҳозланиши;
  •  фавқулодда вазиятларда зудлик билан қутқарув ишларини амалга ошириш мақсадида қутқарув хизмати ташкил этилиши ёки шартнома асосида профессионал қутқарув тузилмалари билан навбатчилик хизмати йўлга қўйилиши;
  •  кичик ҳажмли кемалар ва улар турадиган иншоотлар (базалар)дан хавфсиз фойдаланиш бўйича қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга риоя этилиши;
  •  сувни муҳофаза қилиш зоналари ва соҳилбўйи минтақалари учун белгиланган талабларга риоя қилиш, оқова сувларнинг сув объектларига ташланишига йўл қўймаслик мақсадида ички канализация тармоқлари ҳамда локал оқова сувларни тозалаш иншоотлари билан таъминланиши;
  •  туризм объектларида ҳосил бўладиган маиший чиқиндилар белгиланган тартибда утилизация қилиниши мажбурий ҳисобланади.
Chat