Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 22353 марта ўқилди

Истеъмолчи товар ёки хизматни эркин танлай оладими?

Истеъмолчи товар, иш ёки хизматни эркин танлаш ва уни шартнома асосида сотиб олиш ҳуқуқига эга. Сотувчи томонидан нархи ва бошқа зарур маълумотлари кўрсатилган ҳолда пештахтага қўйилган товарлар, қоида тариқасида, истеъмолчига шартнома тузиш таклифи ҳисобланади.

Шартнома оғзаки ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда ёзма шаклда тузилиши мумкин. Тарафлар шартноманинг муҳим шартлари — товар, унинг миқдори, нархи ва бошқа зарур шартлар бўйича келишганда шартнома тузилган ҳисобланади.

Тўлов усулига қараб нархни ўзгартириш мумкинми?

Товар, иш ёки хизмат учун ҳақ тўлаш шакли ва тартиби истеъмолчи билан сотувчи ёки ижрочи ўртасидаги келишувга кўра белгиланади. Тўлов нақд ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкин.

Сотувчи бир хил марка, модель ёки артикулдаги товар, шунингдек бир хил ҳажм ва сифатдаги иш ёки хизмат учун фақат тўлов шаклига қараб турли нарх белгилаши мумкин эмас. Бироқ нақд пулсиз тўловни рағбатлантириш учун қонунда рухсат этилган бонус ёки бошқа рағбатлар берилиши мумкин.

Интернет орқали шартнома тузилса қандай маълумот берилиши керак?

Ахборот тизимлари орқали товар, иш ёки хизмат сотилганда шартнома тузилишидан олдин истеъмолчига, жумладан:

  • сотувчи ёки ижрочининг номи, манзили ва шикоятларни қабул қилиш тартиби;
  • товарнинг асосий хусусиятлари;
  • лицензия ёки рухсат ҳужжатининг QR-коди, агар бундай ҳужжат талаб этилса;
  • товар ёки хизмат нархи;
  • етказиб бериш нархи ва тўлов шартлари;
  • кафолат, таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш шартлари;
  • шартномани бекор қилиш тартиби ҳақида маълумот берилиши шарт.

Сотувчи товарни ўз вақтида етказмаса нима бўлади?

Сотувчи товарни шартномада белгиланган муддатда истеъмолчига ёки у кўрсатган шахсга топшириши шарт.

Муддат бузилса, сотувчи кечиктирилган ҳар бир вақт бирлиги — шартномада белгиланган дақиқа, соат ёки кун учун бажарилмаган мажбурият қисмининг 0,5 фоизи миқдорида пеня тўлайди. Пенянинг умумий миқдори топширилмаган товар қийматидан ошмаслиги керак.

Пеня тўланиши сотувчини кечикиш оқибатида етказилган бошқа зарарни қоплаш ва шартнома бўйича ўз мажбуриятини бажаришдан озод қилмайди.

Chat