Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 25889 марта ўқилди

Қандай зарар қопланиши керак?

Товар, иш ёки хизматнинг тузилиши, ишлаб чиқарилиши, таркиби ёки бошқа нуқсонлари, шунингдек хавфсизликни таъминламайдиган материал, ускуна ёки воситалар қўлланилиши оқибатида истеъмолчининг:

  • ҳаётига;
  • соғлиғига;
  • мол-мулкига етказилган зарар сотувчи, ишлаб чиқарувчи ёки ижрочи томонидан қопланиши лозим.

Фақат товарни ўзи сотиб олган шахс талаб қила оладими?

Йўқ. Товар, иш ёки хизмат нуқсони туфайли зарар кўрган ҳар қандай истеъмолчи, у сотувчи ёки ишлаб чиқарувчи билан бевосита шартнома тузган ёки тузмаганидан қатъи назар, зарар қопланишини талаб қилиши мумкин.

Масалан, товарни бошқа шахс сотиб олган бўлса-да, уни ишлатган оила аъзосининг соғлиғига нуқсонли товар туфайли зарар етса, у ҳам тегишли талабни қўйиши мумкин.

Зарар қайси муддатда юзага келган бўлиши керак?

Зарар:

  • товар учун белгиланган хизмат ёки яроқлилик муддати давомида;
  • агар бундай муддат умуман белгиланмаган бўлса — товар ишлаб чиқарилган ёки иш/хизмат қабул қилинган пайтдан бошлаб 10 йил ичида юзага келган бўлса, қопланиши лозим.

Сотувчи, ишлаб чиқарувчи ёки ижрочи зарар бартараф қилиб бўлмайдиган куч ёки истеъмолчининг фойдаланиш, сақлаш ёхуд ташиш қоидаларини бузиши натижасида келиб чиққанини исботласа, жавобгарликдан озод қилиниши мумкин.

Экспертиза харажатлари ким томонидан қопланади?

Агар текширув, тест ёки экспертиза натижасида товар, иш ёки хизматда нуқсон борлиги ва у норматив талабларга мос эмаслиги тасдиқланса, сотувчи, ишлаб чиқарувчи ёки ижрочи экспертиза билан боғлиқ харажатларни тўлиқ қоплаши лозим.

Маънавий зарар ҳам қопланадими?

Ҳа. Истеъмолчи ҳуқуқлари бузилиши натижасида унга маънавий зарар етказилган бўлса, айбдор шахс уни қоплаши шарт.

Маънавий зарар учун компенсация миқдорини суд белгилайди. Бу компенсация мулкий зарар ва бошқа йўқотишларни қоплашдан алоҳида ундирилади.

2026 йилдан ким яна жавобгар бўлиши мумкин?

Агар истеъмолчининг ҳаёти ёки соғлиғига зарар мувофиқликни баҳолаш қоидаларининг бузилиши натижасида етказилган бўлса, мувофиқликни баҳолаш органи ҳам сотувчи, ишлаб чиқарувчи ёки ижрочи билан биргаликда солидар жавобгар бўлади.

Эслатма: зарар етказилганда тиббий ҳужжатлар, харид ёки хизматни тасдиқловчи ҳужжатлар, фото-видео материаллар, экспертиза хулосалари ва қилинган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларни сақлаш талабни асослашда муҳим аҳамиятга эга.

Chat