Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15119 марта ўқилди

Нотурар жойлар таркиби

Кўп квартирали уйлардаги нотурар жойларга:

  • уйни қуриш лойиҳасида назарда тутилган ичига қурилган ёки ёнма-ён қурилган жойлар;
  • қуйи қаватдаги турар жойдан нотурар жойга белгиланган тартибда ўтказилган жойлар;
  • техник мақсаддаги хоналардан ташқари, қайта жиҳозланган ертўла ва ярим ертўла жойлар киради.

Нотурар жойдан фақат унинг белгиланган мақсади бўйича фойдаланиш мумкин.

Нотурар жойга қўйиладиган талаблар

Нотурар жой:

  • бошқа турар жойлардан алоҳида кириш эшигига;
  • табиий ёритиш ва вентиляцияга;
  • тегишли тарзда пардозланган девор, шифт ва полга;
  • санитария, ёнғин хавфсизлиги ва техник талабларга жавоб берадиган муҳандислик тармоқларига эга бўлиши керак.

Мулкдор ёки ижарага олувчи жойни ўз ҳисобидан сақлайди ва таъмирлайди, коммунал хизматлар ҳақини ҳамда кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкини сақлаш харажатларидаги тегишли улушини тўлайди.

Нотурар жой мулкдори кўп квартирали уйнинг умумий мол-мулкидаги улушли мулк иштирокчиси ҳисобланади. Унинг умумий харажатлардаги улуши ўзига қарашли нотурар жой майдонига мутаносиб равишда белгиланади.

Тақиқланган фаолиятлар

Кўп квартирали уйдаги нотурар жойда:

  • саноат ишлаб чиқаришини;
  • лойиҳада назарда тутилмаган миқдорда ўриндиқларга эга ёки соат 23:00 дан кейин ишлайдиган ресторан, кафе, бар ва бошқа умумий овқатланиш объектларини;
  • портловчи ёки тез алангаланувчи моддалар билан боғлиқ савдо ва хизматларни;
  • тез алангаланувчи моддалар ишлатиладиган кимёвий тозалаш шохобчаларини;
  • 10 тадан ортиқ иш ўрнига эга пойабзал таъмирлаш устахоналарини;
  • ҳаммом, сауна, жамоат ҳожатхонаси ва маросим хизматлари объектларини жойлаштириш тақиқланади.

Носаноат йўналишидаги корхона, муассаса, ташкилот ва офисларни қонунчилик талабларига риоя қилган ҳолда жойлаштириш мумкин.

Муҳим: нотурар жойдан фойдаланиш қўшниларнинг осойишталиги, хавфсизлиги ва умумий мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини бузмаслиги керак. Уйнинг юк кўтарувчи конструкциялари ёки умумий муҳандислик тармоқларини ўзбошимчалик билан ўзгартириш мумкин эмас.

Chat