Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 17820 марта ўқилди

Битимни расмийлаштириш

Уй-жой ёки квартирани сотиш, айирбошлаш ёки ҳадя қилиш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши шарт. Тарафлар исталган давлат нотариал идораси ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусга мурожаат қилиши мумкин.

Нотариус ахборот тизимлари орқали:

  • кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни;
  • объектнинг кадастр маълумотларини;
  • мулкни бошқа шахсга ўтказишга тақиқ ёки хатлов мавжуд эмаслигини;
  • ижро ҳужжатлари бўйича қарздорликни;
  • электр энергияси, табиий газ, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматларидан қарздорлик мавжуд эмаслигини текширади.

Тизимда маълумот мавжуд бўлмаса ёки техник носозлик юз берса, тасдиқловчи ҳужжатлар тарафлардан сўралиши мумкин.

Розилик талаб этиладиган ҳолатлар

Никоҳ давомида орттирилган умумий кўчмас мулкни бошқа шахсга ўтказиш учун эр ёки хотиннинг нотариал тасдиқланган ёзма розилиги талаб қилинади.

Бундай розилик:

  • мулк никоҳдан олдин олинган;
  • мерос ёки ҳадя асосида олинган;
  • никоҳ шартномаси, суд ҳужжати ёки нотариал келишув асосида алоҳида мулкка айланган ҳолларда талаб этилмайди.

Умумий улушли мулкдаги улуш сотилаётганда бошқа мулкдорлар уни сотилаётган нарх ва шартларда сотиб олиш бўйича имтиёзли ҳуқуққа эга. Улар сотиш шартлари ҳақида ёзма равишда хабардор қилиниши керак.

Вояга етмаган ёки муомалага лаёқатсиз шахсга тегишли уй-жойни бошқа шахсга ўтказишда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати талаб этилади. Васийликдаги шахснинг мол-мулкини ҳадя қилишга йўл қўйилмайди.

Мулк ҳуқуқининг ўтиши

Нотариус битимни тасдиқлагандан кейин маълумотлар давлат рўйхатидан ўтказиш учун электрон тарзда юборилади.

Муҳим: уй-жойга бўлган мулк ҳуқуқи фақат шартнома имзоланган ёки нотариал тасдиқланган пайтдан эмас, балки ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганидан кейин тўлиқ расмийлашади.

Chat