Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 20848 марта ўқилди

2026 йил 7 ноябргача амал қиладиган тартиб

Риэлторлик фаолияти — юридик ва жисмоний шахсларга кўчмас мулк объектлари ҳамда уларга бўлган ҳуқуқларга доир битимлар тузиш билан боғлиқ хизматларни шартнома асосида кўрсатишга қаратилган тадбиркорлик фаолияти.

Риэлторлик хизматларининг асосий турлари:

  • кўчмас мулкка ва унга бўлган ҳуқуқларга доир битимларни тузишда воситачилик;
  • кўчмас мулк ва унга бўлган ҳуқуқлар савдосини ташкил этиш;
  • кўчмас мулкни ишончли бошқариш;
  • кўчмас мулк бозорида ахборот ва маслаҳат хизматларини кўрсатиш.

Риэлторлик ташкилотида малака сертификатига эга бўлган камида икки нафар ходим, шу жумладан ташкилот раҳбари бўлиши керак. Ташкилотнинг фуқаролик жавобгарлиги суғурта қилинган бўлиши шарт.

Якка тартибда фаолият юритувчи риэлтор якка тартибдаги тадбиркор мақомига, риэлторнинг малака сертификатига ва фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш полисига эга бўлиши керак.

Риэлторлик хизматлари шартномаси

Риэлторлик хизмати буюртмачи билан ёзма шартнома асосида кўрсатилади. Шартномада камида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

  • кўрсатиладиган хизматларнинг мазмуни;
  • шартноманинг амал қилиш муддати;
  • хизмат нархи ва ҳисоб-китоб қилиш тартиби;
  • тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;
  • жавобгарлик чоралари;
  • шартномани ўзгартириш ва бекор қилиш шартлари.

Хизмат бажарилгандан кейин унинг бажарилганлигини тасдиқловчи далолатнома ёки бошқа ҳужжат тузилади. Риэлтор хизматга бевосита тааллуқли ҳужжатларни буюртмачига топшириши керак.

Буюртмачининг ҳуқуқлари

Буюртмачи риэлторлик ташкилоти ёки риэлтордан:

  • малака сертификати ва суғурта полисини кўрсатишни;
  • шартноманинг бажарилиши ҳақида ахборот беришни;
  • тузилиши режалаштирилаётган битимнинг хусусияти ва ҳуқуқий оқибатлари ҳақида ёзма тушунтириш беришни;
  • шартнома риэлторнинг айби билан бекор қилинганда етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Риэлторга пул ёки ҳужжат топширишдан олдин унинг малака сертификати, суғурта полиси ва ёзма шартномадаги ваколатларини текшириш лозим.

2026 йил 8 ноябрдан кучга кирадиган тартиб

2026 йил 8 ноябрдан 2010 йилги Қонун ўз кучини йўқотади ва янги «Риэлторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун амал қила бошлайди.

Янги тартибга кўра:

  • риэлторлар, риэлторлик ташкилотлари, кўчмас мулк бўйича агентлар ва профессионал жамоат бирлашмалари ҳақидаги маълумотлар Ягона реестрда юритилади;
  • риэлторлик ташкилоти ва кўчмас мулк бўйича агент ўз маълумотлари Ягона реестрга киритилган кундан фаолият юритиш ҳуқуқига эга бўлади;
  • риэлтор фақат риэлторлик ташкилоти таркибида ва малака сертификати асосида ишлайди;
  • риэлторлик ташкилоти профессионал жамоат бирлашмаларидан бирига аъзо, фуқаролик жавобгарлиги суғурталанган ва штатида сертификатга эга камида икки нафар ходим бўлиши керак;
  • кўчмас мулк бўйича агент якка тартибдаги тадбиркор ёки ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтиши, Ягона реестрга киритилиши ва суғурта полисига эга бўлиши керак.

Риэлторлик ташкилоти воситачилик, савдони ташкил этиш, ишончли бошқариш ҳамда ахборот, маслаҳат ва реклама хизматларини кўрсатиши мумкин. Кўчмас мулк бўйича агент эса фақат ахборот, маслаҳат ва реклама хизматларини кўрсатади.

2026 йил 8 ноябрдан кейин буюртмачи хизмат кўрсатувчининг Ягона реестрга киритилганлиги, малака сертификати, профессионал жамоат бирлашмасига аъзолиги ва суғурта полисини текширишга ҳақли бўлади.

Chat