Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 49565 марта ўқилди

Кимлар номзод бўлиши мумкин

Умумий ўрта, профессионал ёки олий маълумотга эга Ўзбекистон фуқаролари саралашда иштирок этиши мумкин.

Умумий ёш чегараси:

18 ёшдан 30 ёшгача;

— муқаддам контракт бўйича ҳарбий хизмат ўтаган шахслар учун — 40 ёшгача;

— резервдаги ва захирадаги офицерлар учун — 40 ёшгача.

Эркак номзод муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ёки ўтаётган, сафарбарлик чақируви резервида хизмат қилган ёхуд ОТМда ҳарбий тайёргарлик курсини тугатган бўлиши ва ҳарбий рўйхатда туриши керак.

Бўй бўйича талаб

Умумий қоидага кўра:

— эркаклар — камида 178 см;

— аёллар — камида 170 см бўлиши талаб этилади.

Айрим махсус мутахассисликлар, шунингдек Низомда алоҳида кўрсатилган фан, маданият ва юқори натижали спорт вакилларига нисбатан мазкур бўй талаби татбиқ этилмайди.

Эслатма: 178 ва 170 сантиметрлик талаб барча лавозим ва барча номзодларга мутлақ қоида эмас. Низомда белгиланган истиснолар мавжуд.

Қаерга мурожаат қилинади

Фуқаро яшаш жойидаги Миллий гвардия бўлинмасига белгиланган шаклда ариза билан мурожаат қилади.

Агар фуқаро турган жойида:

— таълим олаётган;

— ёки расмий меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган бўлса,

шу ҳудуддаги Миллий гвардия бўлинмасига ҳам мурожаат қилиши мумкин. Бу қоида 2025 йил сентябрда аниқлаштирилган.

Қандай ҳужжатлар топширилади

Амалдаги рўйхатга:

— паспорт ёки ID-карта;

— туғилганлик ҳақида гувоҳнома;

— анкета-маълумотнома;

— эркак номзод учун ҳарбий гувоҳнома киради.

Ҳужжатлар тўлиқ ва маълумотлар тўғри бўлса, номзод қабул кунининг ўзида дастлабки жисмоний тайёргарлик синовига ўтказилади. Камчилик бўлса, уни бартараф этиб навбатдаги қабул куни келиш тушунтирилади.

Саралаш босқичлари

Саралаш қуйидаги асосий босқичлардан иборат:

  1. дастлабки ўрганиш — ҳужжатлар, жисмоний тайёргарлик синови ва суҳбат;
  2. жисмоний тайёргарлик даражасини баҳолаш;
  3. психологик ўрганиш;
  4. тиббий кўрик;
  5. махсус текширув.

Навбатдаги жисмоний ва психологик саралаш тадбирларининг жойи ва вақти ҳақида номзодга камида 3 кун олдин хабар берилади.

Қайта топшириш мумкинми

Жисмоний тайёргарлик синовидан қониқарсиз натижа олган номзод уни баҳоланган кундан бошлаб 1 йил ичида 2 марта қайта топшириши мумкин. Шу куннинг ўзида қайта топширишга рухсат берилмайди.

Худди шундай, психологик тестдан қониқарсиз натижа олган номзод ҳам 1 йилда 2 марта қайта синовдан ўтиши мумкин.

Тиббий кўрик

Олдинги босқичлардан муваффақиятли ўтган номзод ҳарбий-тиббий комиссияга юборилади.

Тиббий кўрикда ҳарбий хизматга яроқсиз ёки даволаниб кейин қайта кўрикдан ўтиши керак деб топилган номзод контракт бўйича ҳарбий хизматга қабул қилинмайди.

Махсус текширув

Саралаш босқичларидан муваффақиятли ўтган номзод Миллий гвардия белгилайдиган махсус текширувдан ўтади.

Агар лавозим давлат сири бўлган маълумотлар билан ишлашни назарда тутса, номзод учун тегишли рухсатнома ҳам расмийлаштирилади. Махсус текширув ва бундай рухсатномани расмийлаштириш талаблари хизмат сири ҳисобланади ва ошкор қилинмайди.

Натижаларнинг амал қилиш муддати

Доимий комиссия баённомаси тасдиқланган вақтдан бошлаб 1 йил давомида ҳақиқий ҳисобланади. Баённома нусхаси тегишли бўлинмага келиб тушгач, номзод у билан 5 кун ичида таништирилиши керак.

Chat