Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 15517 марта ўқилди

Кимларга ижтимоий ёрдам кўрсатилади?

Ижтимоий ёрдам қуйидаги етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга кўрсатилади:

  • васийлик ёки ҳомийлик белгиланган болалар;
  • тутинган — фостер оилага берилган болалар;
  • Болалар уйлари, Меҳрибонлик уйлари, Кичик ҳажмли болалар уйлари ва республика ўқув-тарбия муассасалари тарбияланувчилари ҳамда битирувчилари;
  • «SOS — Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмасининг болаларни муқобил парвариш қилиш хизмати тарбияланувчилари ва битирувчилари.

Шунингдек, ота-онаси уч ойдан ортиқ муддатга чет давлатга вақтинча чиқиб кетиши муносабати билан васийлик ёки ҳомийлик белгиланган Ижтимоий реестрдаги оилалар фарзандларига ҳам индивидуал оила режасида назарда тутилган ёрдамлар кўрсатилади.

Индивидуал режа нима?

Индивидуал ривожланиш режаси — 14 ёшгача бўлган боланинг қизиқишлари, эҳтиёжлари ва яшаш шароитини комплекс баҳолаш асосида унга зарур ижтимоий хизмат ва ёрдамларни белгилайдиган режа.

Индивидуал интеграция режаси — 14 ёшдан 23 ёшгача бўлган етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшни жамиятга мослаштириш, касб танлаши ва мустақил ҳаётга тайёрланишини таъминлашга қаратилган режа.

Ушбу режалар яшаш жойидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази томонидан тузилади ва боланинг эҳтиёжлари ўзгаришига қараб доимий янгилаб борилади.

Ёрдам олиш учун ариза бериш керакми?

Етим бола ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болага ёрдам кўрсатиш учун, қоида тариқасида, алоҳида ариза бериш талаб этилмайди.

«Инсон» маркази:

  • боланинг эҳтиёжларини ўрганади;
  • индивидуал режада зарур ёрдамни белгилайди;
  • «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимида электрон тавсиянома шакллантиради;
  • тавсияномани Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг ҳудудий бошқармасига юборади.

Бироқ муайян ёрдам тури учун унинг паспортида белгиланган ҳужжатлар зарур бўлса, улар тақдим этилгандан кейин тавсиянома расмийлаштирилади.

Қандай ижтимоий ёрдамлар кўрсатилади?

Ёрдамлар қуйидаги асосий дастурлар доирасида кўрсатилади:

  • бандликка кўмаклашиш — касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорлик ёки ўзини ўзи банд қилиш учун асбоб-ускуна ва меҳнат қуроллари;
  • сифатли таълим олишга кўмаклашиш — олий таълимга тайёрлов, тўлов-контракт, халқаро имтиҳонлар ва ўқув курслари харажатлари;
  • эҳтиёжларни қўллаб-қувватлаш — кийим-бош, спорт ва мусиқа анжомлари, зарур уй жиҳозлари;
  • уй-жой шароитини яхшилаш — турар жойни жиҳозлаш ва оилавий болалар уйини таъмирлаш;
  • соғлиқни сақлаш — жарроҳлик амалиётисиз даволаниш ва операция харажатларини қоплаш;
  • ҳайдовчилик курси, тест ва амалий имтиҳонлар ҳамда сафарбарлик чақируви резервида хизмат ўташ харажатларини қоплаш.

Ҳар бир ёрдам турининг ёш чегараси, миқдори, даврийлиги ва шартлари тегишли ижтимоий ёрдам паспортида алоҳида белгиланган. Шунинг учун барча ёрдамлар ҳар бир болага бир хил тарзда берилмайди.

Товарлар қандай харид қилинади?

Асбоб-ускуна, меҳнат қуроллари, кийим-бош ва уй жиҳозлари каби товарлар QR-кодли электрон ваучер асосида харид қилинади.

Ваучер — давлат томонидан қопланадиган маблағ ҳисобидан белгиланган товарни электрон савдо платформаси орқали харид қилиш имконини берувчи электрон ҳужжат.

Товарлар «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимининг электрон савдо платформаси ёки тадбиркорлик субъектларининг электрон савдо майдончалари орқали танланади. Харид қилинган товарни сотиш, бошқа шахсга бериш, совға қилиш ёки бошқа мақсадда ишлатиш тақиқланади.

Ёрдам қайси ҳолатларда тўхтатилади?

Ижтимоий ёрдам:

  • бола ёки унинг қонуний вакили ёрдамдан воз кечганда;
  • ёрдам олувчи вафот этганда;
  • муайян ёрдам учун белгиланган ёш чегарасига етганда;
  • Ижтимоий реестрдаги оила фарзандининг оиласи Реестрдан чиқарилганда;
  • ижтимоий ходим ёрдамга эҳтиёж қолмаганини аниқлаганда тўхтатилиши мумкин.

Қаерга мурожаат қилиш мумкин?

Болага зарур ёрдам индивидуал режага киритилмаган, ўз вақтида кўрсатилмаган ёки эҳтиёжлар ўзгарган бўлса, яшаш жойидаги «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ёки маҳаллага бириктирилган ижтимоий ходимга мурожаат қилиш мумкин.

Бола ёки унинг қонуний вакили ижтимоий ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига ёки бевосита судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Chat