Ишга қабул қилиш ёши
Умумий қоидага кўра, шахсни ишга қабул қилишга 16 ёшдан йўл қўйилади.
15 ёшга тўлган ўқувчи:
- ота-онасидан бирининг ёки бошқа қонуний вакилининг олдиндан ёзма розилиги билан;
- ўқишдан бўш вақтида;
- соғлиғи ва маънавий ривожланишига зарар етказмайдиган;
- таълим олиш жараёнини бузмайдиган енгил меҳнатни бажариши мумкин.
Меҳнат шартномаси ёзма шаклда тузилиши ва ишга қабул қилиш қонуний тартибда расмийлаштирилиши шарт.
Иш вақтининг давомийлиги
18 ёшга тўлмаган ходимлар учун қисқартирилган иш вақти белгиланади:
- 15 ёшдан 16 ёшгача — ҳафтасига 24 соатдан кўп эмас;
- 16 ёшдан 18 ёшгача — ҳафтасига 36 соатдан кўп эмас.
Ўқув йили давомида ўқишдан бўш вақтида ишлаётган ўқувчининг иш вақти тегишли ёш учун белгиланган энг кўп иш вақтининг ярмидан ошмаслиги керак.
Тиббий кўрик ва меҳнат муҳофазаси
18 ёшга тўлмаган шахс:
- ишга қабул қилинишидан олдин мажбурий тиббий кўрикдан;
- 18 ёшга тўлгунига қадар ҳар йили мажбурий тиббий кўрикдан ўтказилади.
Тиббий кўрик харажатлари иш берувчи ҳисобидан қопланади.
Вояга етмаганларни:
- зарарли ёки хавфли меҳнат шароитидаги ишларга;
- ер ости ишларига;
- ҳаёти, соғлиғи, хавфсизлиги ёки маънавий ривожланишига зарар етказиши мумкин бўлган ишларга;
- белгиланган меъёрдан ортиқ оғир юк кўтариш ва ташишга жалб қилиш тақиқланади.
Қўшимча чекловлар
18 ёшга тўлмаган ходимларни:
- хизмат сафарига юбориш;
- иш вақтидан ташқари ишга;
- тунги ишга;
- дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунларидаги ишга жалб қилиш тақиқланади.
Қонунда ижодий ходимлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва профессионал спортчилар учун белгиланган айрим истиснолар мавжуд.
Ота-онанинг розилиги болани зарарли, хавфли ёки ўқишига халақит берадиган ишга жалб қилишга рухсат бермайди.
Ушбу қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексида белгиланган.