Тазйиқ ёки зўравонлик содир этилганда ички ишлар органларига, профилактика инспекторига ёки 102 рақами орқали хабар бериш мумкин. 112 ва 1146 рақамларига келиб тушган хабарлар ҳам ваколатли органларга йўналтирилади.
Мурожаат жабрланувчи, унинг қонуний вакили, бошқа шахслар, давлат органлари ёки ташкилотлар томонидан берилиши мумкин.
Профилактика инспектори хабар келиб тушганидан кейин 24 соат ичида ҳолатни ўрганади, ҳимоя ордерини расмийлаштиради ва ижтимоий, психологик ҳамда ҳуқуқий хизматларга эҳтиёж ҳақидаги маълумотни «E-himoya orderi» тизимига киритади.
Ордерда зўравонликни тақиқлаш, жабрланувчи билан алоқа қилишни ёки бир хонада бўлишни чеклаш, зўравонлик содир этган шахсга муайян мажбуриятлар юклаш каби чоралар белгиланиши мумкин.
Бир календарь йил давомида тазйиқ ёки зўравонлик ҳақида икки ва ундан ортиқ мурожаат келиб тушса, ички ишлар органи ҳимоя ордерини ташаббус тартибида беради.
Ҳимоя ордери одатда 30 кунгача берилади. Хавф бартараф этилмаса, унинг амал қилиш муддати суд томонидан бир йилгача узайтирилиши мумкин.
Жабрланган хотин-қизлар ва уларнинг вояга етмаган фарзандлари ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий хизматларни ҳимоя ордерисиз ҳам олиши мумкин.
Тартиб «Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 3-сон қарори, Президентнинг ПҚ-175-сон қарори ва Вазирлар Маҳкамасининг 354-сон қарори билан белгиланган.