Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 51989 марта ўқилди

Хотин-қизларга тадбиркорлик қилиши

Грант нима учун берилади?

Ижтимоий лойиҳа гранти — хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш ёки уларнинг тадбиркорлик, спорт, санъат ва маданият соҳасидаги ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган лойиҳани молиялаштириш учун ажратиладиган қайтарилмайдиган ёрдам.

Грант «Аёллар дафтари» жамғармаси ҳисобидан БҲМнинг 60 бараваригача миқдорда берилади.

Кимлар грант олиши мумкин?

Грант учун:

  • жисмоний шахслар;
  • нодавлат ташкилотлар ариза бериши мумкин.

Лойиҳа тегишли маҳаллада яшовчи Ижтимоий реестрга киритилган оилаларнинг камида 3 нафар хотин-қизини иш билан таъминлаш ёки ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган бўлиши керак.

Қандай ҳужжатлар тақдим этилади?

Ариза берувчи:

  • режалаштирилаётган ижтимоий лойиҳа ҳақида маълумот;
  • лойиҳани амалга оширишдан кутилаётган натижалар;
  • зарур маблағлар ҳисоб-китоби — сметани тақдим этади.

Лойиҳада яратиладиган иш ўринлари, иш ҳақи, иш шароити, сотув бозори, мавжуд тажриба ва ходимларни касбга ўқитиш имкониятини аниқ кўрсатиш мақсадга мувофиқ.

Грант қандай шаклда берилади?

Жисмоний шахсга грант маблағи нақд пулда берилмайди. Лойиҳани амалга ошириш учун зарур:

  • асбоб-ускуна;
  • жиҳоз;
  • хомашё;
  • хизматлар белгиланган тартибда харид қилиб берилади.

Нодавлат ташкилотга маблағ шартнома асосида иш ўрни яратиш, ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишни кенгайтириш, хомашё харид қилиш ва ходимларни ўқитиш учун унинг банк ҳисобварағига ўтказилади.

Лойиҳа қандай танланади?

Лойиҳалар ҳар йили январь ойи охирига қадар маҳалладаги хотин-қизлар фаолига тақдим этилади. «Маҳалла еттилиги» уларни 20 февралга қадар кўриб чиқиб, энг яхши 3 та лойиҳани туман ёки шаҳар комиссиясига киритади.

Комиссия маҳалла кесимида битта ғолиб лойиҳани танлайди. Ғолиблар ҳар йили 8 мартга қадар эълон қилинади, грантдан бир йилда бир марта фойдаланиш мумкин.

Лойиҳа қандай мезонлар бўйича баҳоланади?

Баҳолашда:

  • доимий иш ўринлари яратилиши;
  • лойиҳанинг маҳалла ихтисослашувига мослиги;
  • бозорбоплиги ва даромадлилиги;
  • ариза берувчининг тажрибаси;
  • зарур ресурс ва жиҳозларнинг мавжудлиги;
  • муносиб иш шароити ва иш ҳақи;
  • малакаси етарли бўлмаган хотин-қизларни ўқитиш имконияти ҳисобга олинади.

Меҳнат миграциясидан қайтган, ногиронлиги бўлган, норасмий меҳнат қилаётган, тазйиқ ёки зўравонликдан жабр кўрган, ишсиз битирувчи ва бошқа ижтимоий эҳтиёжманд хотин-қизларни қамраб олган лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилади.

Chat