Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 31250 марта ўқилди

Рухсатнома талаб этиладиган ҳолатлар

Рухсатнома бино ёки иншоотнинг ихтисослашишини ўзгартириш, уни қайта қуриш ёки реконструкция қилиш, шунингдек, тегишли ҳудудда қўшимча бино ва иншоот қуришни лойиҳалаштириш учун олинади.

Қуйидаги ҳолларда рухсатнома талаб этилмайди:

  • бинонинг мустаҳкамлиги ва зилзилабардошлигига таъсир қилувчи юк кўтарувчи қисмлар ўзгармайдиган қайта режалаштиришда, кўп квартирали уйдаги жойлар бундан мустасно;
  • пойдевор майдони ўзгартирилмасдан енгил ёки вақтинчалик қурилмалар қуриш ва реконструкция қилишда.

Рухсатнома давлат сири билан боғлиқ, алоҳида муҳим объектларга ҳамда енгил ва вақтинчалик қурилмаларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Мурожаат, йиғим ва муддат

Ариза Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали берилади. Турар жойни нотурар жойга ўтказишда барча ҳаммулкдорларнинг нотариал тасдиқланган розилиги илова қилинади. Маданий мерос объекти бўйича тегишли ижобий хулоса талаб қилинади. Бошқа маълумотлар идоралараро электрон ҳамкорлик орқали олинади.

Давлат хизмати учун йиғим объектнинг хавф-хатар тоифасига қараб:

  • I тоифа — БҲМнинг 50 фоизи;
  • II тоифа — 1 БҲМ;
  • III–IV тоифалар — 2 БҲМ миқдорида ундирилади.

Ҳисобварақ юборилганидан кейин йиғим 5 иш кунида тўланади. Ваколатли орган объектни ўрганиб, рухсатнома бериш ёки рад этиш тўғрисида 7 иш кунида қарор қабул қилади.

Рухсатнома 2 йил амал қилади. Унинг талаблари шу муддатда бажарилмаса, рухсатнома ўз кучини йўқотади ва янги ариза бериш лозим бўлади.

Муҳим: ушбу рухсатнома қурилиш ишларини бевосита бошлаш учун асос эмас. Объект хусусиятига қараб лойиҳа ҳужжатларини келишиш, экспертизадан ўтказиш ва қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун алоҳида рухсат олиш талаб этилади.

Рад этиш сабаблари бартараф этилса, ариза берувчи 10 иш кунида йиғимсиз қайта мурожаат қилиши мумкин.

Chat