Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 14524 марта ўқилди

Уй-жой билан таъминланадиган шахслар

Ўзига бириктирилган турар жойи бўлмаган ҳамда уй-жойга муҳтож сифатида ҳисобга олинган етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар давлат томонидан уй-жой билан таъминланади.

Шахснинг номида турар жой мавжудлиги уни автоматик равишда уй-жойга муҳтожлар ҳисобидан чиқариш учун асос бўлмайди. Бириктирилган ёки мулк ҳуқуқи асосида тегишли уй-жойда яшаш имконияти, унинг техник ҳолати ва бошқа қонуний мезонлар ўрганилади.

Онлайн-навбатга киритиш

«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази боланинг муқобил жойлаштириш шаклида бўлиш ёки ўқув-тарбия муассасасида тарбияланиш муддати тугашидан бир йил олдин уни уй-жойга муҳтож сифатида «онлайн-навбат» ахборот тизимига киритади.

Уй-жойга эҳтиёж олдинроқ аниқланган ҳолларда шахс навбатга муддатидан аввал ҳам киритилиши мумкин.

Муҳим! Ўз вақтида онлайн-навбатга киритилмай қолган уй-жойга муҳтож шахс ҳудудий бошқарманинг хулосаси асосида 23 ёшга тўлгунига қадар навбатга киритилиши мумкин.

«Инсон» ижтимоий хизматлар марказлари навбатдаги шахсларга оид маълумотларни шакллантиради, сақлайди ва доимий янгилаб боради.

Уй-жой ажратиш муддати

Уй-жойга муҳтож шахс 18 ёшга тўлганидан кейин уй-жой билан таъминланади.

Агар 18 ёшга тўлган шахс ўқув-тарбия муассасасини ҳали тамомламаган бўлса, унга муассасани тугатган йилда уй-жой ажратилади.

Уй-жой навбат, ҳудуддаги эҳтиёж ва қонунчиликда белгиланган тартиб асосида ажратилади.

Уй-жойнинг майдони ва тури

Уй-жойга муҳтож шахсга:

  • умумий майдони 25–50 квадрат метр бўлган квартира;
  • мазкур тоифадаги уй-жойга муҳтож икки шахс ўртасида никоҳ тузилганда 50–70 квадрат метр бўлган квартира;
  • ёки тегишли квартира нархидан қиммат бўлмаган якка тартибдаги турар жой ажратилади.

Уй-жой таъмирланган, жиҳозланган, санитария ва техник талабларга жавоб берадиган ҳамда яшаш учун зарур шароитларга эга ҳолда топширилиши керак.

Ногиронлиги бўлган шахсга квартира ажратишда унинг ҳаракатланиш имконияти ва уйдан тўсиқсиз фойдаланиши ҳисобга олинади.

Уй-жой ажратишдаги тақиқлар

Уй-жой билан таъминлаш жараёнида:

  • икки ва ундан ортиқ шахсга битта квартира ажратишга, улар ўртасида никоҳ тузилган ҳоллар бундан мустасно;
  • етим болалар учун алоҳида кўп қаватли уй қуриб, уларнинг барчасини бир жойга жойлаштиришга;
  • ётоқхонадан уй-жой ажратиш ёки харид қилишга;
  • яшашга яроқсиз ёки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган уй-жойни топширишга йўл қўйилмайди.

Уй-жойни расмийлаштириш

Ажратилган уй-жой шахс номига мулк ҳуқуқи асосида расмийлаштирилади.

Уй-жойни олган шахс 30 ёшга тўлгунига қадар уни:

  • сотиш;
  • ҳадя қилиш;
  • гаровга қўйиш;
  • ижарага бериш;
  • бошқача тарзда бегоналаштириш ҳуқуқи чекланади.

Қонунчиликда назарда тутилган алоҳида ҳолларда уй-жой майдонини кенгайтириш мақсадида тегишли туман ёки шаҳар комиссиясининг рухсати билан уй-жойни сотишга йўл қўйилиши мумкин.

Уй-жойни олувчи шахс уни сақлаши, коммунал тўловларни ўз вақтида тўлаши ва турар жойдан белгиланган мақсадда фойдаланиши шарт.

Уй-жой ёки ижара тўловини танлаш

2026 йил 1 январдан турар жойга муҳтожлар сифатида ҳисобда турган шахс ўз танловига кўра:

  • мулк ҳуқуқи асосида уй-жой олиши;
  • ёки ўқиётган ёхуд расмий ишлаётган ҳудудида ижарага олган уй-жойи учун ижара тўлови тўлаб берилишини танлаши мумкин.

Ижара тўловлари Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 10 йилгача, бироқ шахс 30 ёшга тўлгунига қадар тўланади.

Мазкур тартиб бўйича ижара тўловини олишни танлаган шахсга кейинчалик ушбу дастур доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жой ажратилмайди.

Шу сабабли мулк ҳуқуқи асосида уй-жой олиш ёки ижара тўловини танлашдан олдин ҳар икки вариантнинг ҳуқуқий оқибатлари тушунтирилиши керак.

Ижара тўлови учун мурожаат қилиш

Ижара тўлови учун уй-жойга муҳтож шахс:

  • «Инсон» ижтимоий хизматлар марказига бевосита;
  • ёки «Ягона миллий ижтимоий ҳимоя» ахборот тизимидаги «Уй-жой ижараси» ахборот модули орқали мурожаат қилади.

«Инсон» марказига бевосита мурожаат қилинганда марказ ходими шахс номидан «Уй-жой ижараси» модулида электрон ариза шакллантиради.

Ижара тўловини олиш шартлари

Ижара тўлови қуйидаги шартлар бир вақтда бажарилганда тўланади:

  • шахсга мазкур тартиб асосида мулк ҳуқуқи билан уй-жой ажратилмаган бўлса;
  • ижара шартномаси солиқ органларида ҳисобга қўйилган бўлса;
  • ижарага олинган уй-жой шахс расмий ишлаётган ёки ўқиётган ҳудудда жойлашган бўлса;
  • талаба ётоқхона билан таъминланмаган ва бошқа тартибда ижара компенсацияси олмаётган бўлса;
  • ишлаётган шахснинг меҳнат шартномаси тегишли ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган бўлса.

Ижара шартномасида кўрсатилган тўлов ҳар ой ижарага берувчининг банк картаси ёки банк ҳисобварағига ўтказилади.

Ижара уйида яшаш мониторинги

Ижарага олинган уй-жойда шахснинг ҳақиқатда яшаётганлиги:

  • ижаранинг биринчи йилида ҳар уч ойда;
  • иккинчи йилдан бошлаб ҳар олти ойда камида бир марта маҳалладаги ижтимоий ходим томонидан ўрганилади.

Шахс ижара уйида ҳақиқатда яшамаса, қонунда назарда тутилган узрли ҳолатлардан ташқари, ижара тўлови тўхтатилади.

Ижара тўловининг тугатилиши

Ижара тўлови:

  • шахс 30 ёшга тўлганда;
  • 10 йилгача бўлган тўлов муддати тугаганда;
  • шахс вафот этганда, суд томонидан вафот этган деб эълон қилинганда ёки бедарак йўқолган деб топилганда тугатилади.

Уй-жой берилгандан кейинги кўмак

«Инсон» ижтимоий хизматлар маркази уй-жой берилганидан кейинги дастлабки уч йил давомида шахснинг ижтимоий мослашувини йилда камида икки марта хонадонга ташриф буюриш орқали ўрганади.

Агар уй-жойдан фойдаланиш, коммунал тўловлар, бандлик ёки ижтимоий ҳаётга мослашишда қийинчиликлар аниқланса, «Инсон» маркази ва маҳалла фаоллари томонидан ижтимоий-психологик ёрдам кўрсатилади.

Материал Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 25 октябрдаги 656-сон қарори асосида тайёрланди.

Chat