Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 14401 марта ўқилди

Фуқаролар йиғини қачон чақирилади?

Фуқаролар йиғини фуқаролар йиғини раиси ёки кенгаши томонидан заруратга қараб, лекин ҳар чоракда камида бир марта чақирилади.

Фуқаролар йиғини қуйидагиларнинг ташаббуси билан ҳам чақирилиши мумкин:

  • халқ депутатлари туман ёки шаҳар Кенгаши;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман ёки шаҳар ҳудудий кенгаши;
  • 18 ёшга тўлган ва тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг камида учдан бир қисми.

Йиғин қачон ваколатли ҳисобланади?

Фуқаролар йиғинида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган аҳолининг ярмидан кўпроғи ҳозир бўлса, йиғин ваколатли ҳисобланади.

Йиғинни олиб бориш учун раёсат сайланади. Йиғинни фуқаролар йиғини раиси ёки унинг ўринбосарларидан бири олиб боради.

Масалалар бўйича қарорлар очиқ ёки яширин овоз бериш орқали оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Йиғин натижалари қандай расмийлаштирилади?

Йиғинда баённома юритилади. Унда:

  • йиғин ўтказилган сана;
  • иштирок этган фуқаролар сони;
  • кун тартиби;
  • қабул қилинган қарорлар кўрсатилади.

Баённома ва қарор фуқаролар йиғини раиси ҳамда масъул котиб томонидан имзоланади. Раис бўлмаган тақдирда улар раис маслаҳатчиларидан бири ва масъул котиб томонидан имзоланади.

Фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаса нима бўлади?

Агар фуқаролар йиғинини чақириш имкони бўлмаса, фуқаролар йиғини кенгаши фуқаролар вакилларининг йиғилишини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Унда ҳовлилар, уйлар ва кўчалардан сайланган ёки белгиланган фуқаролар вакиллари иштирок этади. Вакиллик нормаси фуқаролар йиғини раислари сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи тегишли комиссия томонидан белгиланади.

Фуқаролар вакилларининг йиғилиши вакилларнинг камида учдан икки қисми иштирок этса, ваколатли ҳисобланади.

Тегишли ҳудудда жойлашган корхона, муассаса ва ташкилот вакиллари ўз фаолиятига дахлдор масалалар муҳокамасида маслаҳат овози билан иштирок этиши мумкин.

Chat