Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

  • 29304 марта ўқилди

Давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситасини ижарага бериш шартномаси, қонунчиликда белгиланган истиснолардан ташқари, нотариал тасдиқланиши шарт.

Шартнома ижарага берувчига тегишли автомобиль ёки мототранспорт воситасини ижарага олувчига белгиланган муддатга, ҳақ эвазига вақтинча эгалик қилиш ва фойдаланиш учун беришни назарда тутади.

Муҳим: шартноманинг нотариал шакли талаб этилган ҳолда оддий тилхат ёки тарафлар имзолаган оддий шартнома нотариал тасдиқнинг ўрнини босмайди. Нотариал шаклга риоя этилмаслиги битимнинг ҳақиқийлиги ва тарафларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга таъсир қилиши мумкин.

Нотариал тасдиқ талаб этилмайдиган истиснолар

Қуйидаги ҳолларда ижара шартномасини нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди:

  • ижара хизмати кўрсатувчи юридик шахс енгил автомобиль ёки мототранспорт воситасини жисмоний шахсга 30 кунгача ижарага берганда;
  • қонунчиликда назарда тутилган каршеринг муносабатларида;
  • автомототранспорт воситаси электрон савдо платформасидаги электрон онлайн-аукцион орқали ижарага берилганда.

Электрон онлайн-аукцион натижаси бўйича расмийлаштирилган баённома ижара шартномаси кучига эга.

Қаерга мурожаат қилинади

Тарафлар давлат ёки хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусга мурожаат қилиши мумкин. Автомототранспорт ижара шартномаси нотариал ҳудуд бўйича махсус чекланган ҳаракатлар қаторига кирмаганлиги сабабли, тарафларнинг яшаш манзилидан қатъи назар нотариус танланиши мумкин.

Шартномани тасдиқлашда ижарага берувчи ва ижарага олувчи шахсан ёки тегишли ваколат берилган вакиллари орқали қатнашади.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар

Ҳолатга қараб қуйидагилар талаб этилади ёки электрон ахборот тизимлари орқали текширилади:

  • тарафларнинг паспорти ёки ID-картаси;
  • автомототранспорт воситасининг рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси;
  • транспорт воситасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжат;
  • вакил иштирок этганда — унинг ваколатини тасдиқловчи ишончнома;
  • транспорт воситаси эр-хотиннинг умумий мулки бўлса — эри ёки хотинининг розилиги;
  • умумий мулк иштирокчилари мавжуд бўлса — тегишли мулкдорларнинг розилиги;
  • васийликдаги шахс манфаатига дахл қилинса — васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати;
  • юридик шахс иштирок этганда — вакилнинг ваколати ва зарур корпоратив қарорлар;
  • қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳужжатлар.

Давлат органларининг электрон тизимларида мавжуд маълумотлар нотариус томонидан мустақил текширилади. Электрон тизимда маълумот мавжуд бўлса, уни фуқародан такроран қоғоз шаклида талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Муҳим: транспорт воситаси эр-хотиннинг никоҳ давомида орттирилган умумий мулки бўлса, уни ижарага бериш учун иккинчи турмуш ўртоқнинг розилиги талаб этилади. Автомобиль никоҳдан олдин олинган, мерос ёки ҳадя тариқасида келиб тушган ёхуд никоҳ шартномасига кўра алоҳида мулк бўлса, буни тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилади.

Нотариус нималарни текширади

Нотариус:

  • тарафларнинг шахси ва муомала лаёқатини;
  • вакилларнинг ваколатини;
  • транспорт воситасига бўлган ҳуқуқни;
  • автомобиль бошқа шахсга ўтказилиши тақиқланмаганини;
  • хатлов, гаров ва бошқа чекловларни;
  • эр-хотин ёки бошқа мулкдорлар розилиги зарурлигини;
  • шартнома мазмуни қонунчиликка мувофиқлигини текширади.

Транспорт воситасига гаров ёки бошқа чеклов қўйилган бўлса, битимни тузиш имконияти чекловнинг мазмуни ва гаров шартларидан келиб чиқиб аниқланади.

Шартномада нималар кўрсатилади

Шартномада қуйидагиларни аниқ белгилаш лозим:

  • автомобилнинг маркаси, модели, ишлаб чиқарилган йили ва ранги;
  • давлат рақами, кузов, шасси ва VIN-коди;
  • ижара муддати;
  • ижара ҳақи ва тўлов муддатлари;
  • автомобилни топшириш ва қайтариш жойи;
  • техник хизмат ва таъмирлаш харажатлари;
  • ёқилғи ва суғурта харажатлари;
  • автомобилни учинчи шахсга бериш мумкинлиги ёки тақиқланганлиги;
  • ЙТҲ, жарима ва зарар учун жавобгарлик;
  • шартномани муддатидан олдин бекор қилиш шартлари.

Автомобиль ижарага олувчига қабул қилиш-топшириш далолатномаси асосида берилиши лозим. Бу ҳақда шартнома матнида кўрсатилади.

Фуқаро учун муҳим: далолатномада автомобилнинг юрган масофаси, ёқилғи миқдори, бутлиги ва мавжуд шикастларини ёзиб қўйинг. Далолатнома тузилмаслиги кейинчалик зарар ким томонидан етказилганини исботлашни қийинлаштиради.

Давлат божи

Мол-мулкни, шу жумладан автомототранспорт воситасини ижарага бериш шартномасини нотариал тасдиқлаганлик учун давлат божи қуйидаги миқдорда ундирилади:

  • мулкдорнинг эри ёки хотинига, ўзининг ёхуд эри-хотинининг ота-онасига, фарзандларига ва уларнинг эри ёки хотинига, набираларига, буви-буваларига, ака-ука ва опа-сингилларига ижарага берилганда — БҲМнинг 10 фоизи;
  • жисмоний шахслар ўртасида бошқа ҳолларда — БҲМнинг 25 фоизи;
  • юридик шахслар учун ёки тарафлардан бири юридик шахс бўлса — БҲМнинг 50 фоизи.

Ижара шартномасини бекор қилишни нотариал расмийлаштирганлик учун белгиланган ставканинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.

Муҳим: давлат божидан ташқари нотариус томонидан кўрсатиладиган ҳуқуқий ва техник тусдаги қўшимча хизматлар учун алоҳида тўловлар бўлиши мумкин. Якуний суммани шартномани расмийлаштиришдан олдин нотариусдан аниқлаштириш лозим.

Текин фойдаланиш билан адаштирманг

Автомобилни ҳақ эвазига бериш — ижара, ҳақ олмасдан бериш эса текин фойдаланиш шартномаси ҳисобланади. Улар учун давлат божи ставкалари бир хил эмас.

Автомототранспорт воситасидан текин фойдаланиш шартномасини тасдиқлаш учун:

  • қонунда санаб ўтилган оила аъзолари ва қариндошларга берилганда — БҲМнинг 50 фоизи;
  • бошқа шахсларга берилганда — 2 БҲМ давлат божи ундирилади.

ЙҲХХда ҳисобга қўйиш

Нотариус тасдиқланган ижара шартномасининг электрон шаклини ЙҲХХнинг ахборот тизимига юборади. Шартнома транспорт воситасини мулкдор номидан қайта рўйхатдан ўтказмасдан, бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган битим сифатида ҳисобга қўйилади.

Муҳим: нотариал шартнома автомобилнинг мулкдорини ўзгартирмайди. Ижарага олувчига фақат шартномада белгиланган муддат ва шартларда автомобилдан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Нотариал ҳаракат рад этилса

Нотариус қонунчиликка зид битимни, ҳужжатлари етарли бўлмаган ёки транспорт воситасига тақиқ ва хатлов қўйилган битимни тасдиқлашни рад этиши мумкин.

Рад этишдан норози шахс:

  • нотариусдан рад этиш сабаблари кўрсатилган қарорни беришни талаб қилиши;
  • нотариал ҳаракатни амалга ошириш рад этилганлиги устидан судга шикоят қилиши мумкин.

Автомототранспорт ижара шартномасининг шакли Фуқаролик кодексининг 565-моддаси, давлат божи ставкалари «Давлат божи тўғрисида»ги Қонун, нотариал ҳаракатлар тартиби 3113-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган Йўриқнома, шартномани ЙҲХХда ҳисобга қўйиш эса Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 31 августдаги 683-сон қарори билан белгиланган.

Chat