Давлат олий таълим муассасаси талабалар турар жойига жойлаштиришда талабалар:
— имтиёзли рўйхат;
— умумий рўйхат бўйича ажратилади.
Имтиёзли рўйхатга киритилган талабалар талабалар турар жойига биринчи навбатда жойлашиш ҳуқуқига эга.
Имтиёзли рўйхат — қонунчиликда белгиланган ижтимоий ёки бошқа мезонларга жавоб берадиган ва талабалар турар жойига биринчи навбатда жойлашиш ҳуқуқига эга талабалар рўйхати.
Тегишли маълумотлар асосида имтиёзли рўйхатга:
— «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган талабалар;
— Ижтимоий реестр, «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари;
— I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган талабалар;
— хорижий давлат фуқароси бўлган талабалар;
— бир оиладан бакалавриатнинг кундузги шаклида икки ёки ундан ортиқ фарзанди тўлов-контракт асосида ўқиётган оилалар фарзандлари;
— Ижтимоий реестрга киритилган оилалар фарзандлари киритилади.
ОТМ ректори ёки директори буйруғи асосида қуйидаги талабалар ҳам имтиёзли рўйхатга киритилади:
— халқаро ва Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ўтказадиган республика фан олимпиадалари ғолиблари;
— «Заковат» интеллектуал ўйини республика босқичи ғолиблари;
— «Йил талабаси» республика босқичи ғолиблари;
— «Талабалар театр студиялари» танловининг республика босқичи ғолиблари;
— талабалар турар жойида талабалар кенгаши раиси ёки қават сардори бўлган талабалар.
Эслатма: имтиёзли тоифага кириш талабани автоматик равишда ётоқхонага жойлаштирилди дегани эмас. У биринчи навбатда жойлашиш ҳуқуқини беради; амалда жойлаштириш талабалар турар жойидаги мавжуд ўринлар асосида амалга оширилади.
Кўп ҳолатларда алоҳида маълумотнома олиб келиш талаб этилмайди.
Имтиёзли тоифага мансублик ҳақидаги маълумотлар тегишли давлат органларининг ахборот тизимларидан идоралараро электрон ҳамкорлик орқали автоматик олинади.
Жумладан:
— Ижтимоий реестр маълумотлари — тегишли давлат ахборот тизимидан;
— ногиронлик ҳақидаги маълумотлар — Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимидан;
— «Ёшлар дафтари» маълумотлари — Ёшлар ишлари агентлиги тизимидан;
— талабалик ҳақидаги маълумотлар — тегишли таълим ахборот тизимларидан текширилади.
Агар зарур маълумот электрон тизимдан топилмаса, талабадан имтиёзли мезонга мувофиқлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси сўралиши мумкин.
Имтиёзли тоифалар жойлаштирилганидан кейин қолган ўринлар умумий рўйхатга киритилган талабалар ўртасида тақсимланади.
Қолган ўринларнинг:
— 55–65 фоизи — 1-курс талабаларига;
— 15–20 фоизи — 2-курс талабаларига;
— 20–25 фоизгача — 3-курс ва ундан юқори курс талабаларига ажратилади.
2024/2025 ўқув йилидан бошлаб давлат ОТМларининг барча курс талабалари талабалар турар жойига электрон тартибда мурожаат қилади.
Аризалар ҳар йили 1 августдан ўқув йили якунига қадар Давлат хизматлари маркази ёки ЯИДХП орқали берилади. Давлат хизматини кўрсатиш учун тўлов ундирилмайди.
Мазкур Регламент хорижий, нодавлат ва ҳарбий ОТМлар талабалар турар жойларига, шунингдек давлат-хусусий шериклик асосидаги ётоқхоналарнинг хусусий шерикка ажратилган тижорий ўринларига татбиқ этилмайди.