Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

1 июндан қонунчиликда нималар ўзгаради?

  • 31.05.2023
  • 989 марта ўқилди

1) QR-кодли “метрика”

2023 йил 1 июндан тиббиёт муассасалари томонидан туғилганлик бўлимларида қайд қилинганлиги ҳақида QR-кодли маълумотнома берилади ва ушбу маълумотнома гербли гувоҳномага тенглаштирилади ҳамда давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қабул қилишни рад этиш қатъиян тақиқланади.

Гувоҳнома эса фуқароларнинг исталган вақтдаги мурожаатларига асосан ФҲДЁ бўлимлари томонидан расмийлаштириб берилади.

2) «Тўмарис издошлари» пайдо бўлади

2023 йил 1 июндан бошлаб ёши ўн саккиздан кичик ва ўттиздан катта бўлмаган, умумий ўрта ёки ўрта махсус маълумотли, бириктирилган ҳудудда доимий яшовчи ҳамда мулоқотга киришувчан ва ташкилотчилик қобилиятига эга хотин-қизларни кўнгилли асосда жалб қилиш орқали «Тўмарис издошлари» жамоавий гуруҳлари фаолияти ташкил этилади.

Қуйидагилар «Тўмарис издошлари» жамоавий гуруҳларининг асосий вазифалари бўлади:

  • хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳамкорликда тадбирларда иштирок этиш;
  • хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширишга кўмаклашиш;
  • аҳоли ўртасида ўтказилаётган профилактик тадбирларда хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни ҳал этишнинг мақбул йўлларини аниқлашда ёрдам кўрсатиш;
  • ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида таълим олаётган қизларнинг хулқ-атворига салбий таъсир кўрсатаётган ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ масалаларни аниқлашда кўмаклашиш.

3) Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг яқинларига имтиёзлар

2023 йил 1 июндан бошлаб:

  • а) ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) фарзандлари мактабгача таълим муассасаларида бепул тарбияланиши, шунингдек, профессионал ва олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қўшимча квоталар бўйича таълим олиши таъминланади;
  • б) ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) ота-оналарига йилига икки марта темирйўл ва ҳаво йўловчилар транспортидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади;
  • в) ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг (ходимнинг) оила аъзоларига:
  1. ушбу ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар (ходимлар) хизматни ўтаган масъул вазирлик ва идораларнинг тиббиёт муассасаларида бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқи сақлаб қолинади, шунингдек, тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари доирасида тиббий ёрдамни устувор равишда олиш ва навбатдан ташқари шифохонага ётқизиш имконияти яратилади;
  2. юқори технологик ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатувчи тиббиёт ташкилотлари томонидан Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан бепул тиббий ёрдам кўрсатилади;
  3. навбатдаги йиллик меҳнат таътилидан қулай вақтда фойдаланиш, шунингдек, йилига икки ҳафтагача муддатга иш ҳақи сақланмайдиган қўшимча таътил олиш ҳуқуқи берилади.

4) Қишлоқ хўжалиги соҳасида яна бир электрон тизим

2023 йил 1 июндан бошлаб қишлоқ хўжалиги соҳасидаги барча субсидиялар вазирликнинг «Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга субсидия бериш» ахборот тизими орқали амалга оширилади.

5) Контрафакт маҳсулотдан ҳимояланишнинг яна бир усули ишга тушади

Президентнинг тегишли қарори билан тасдиқланган иловага мувофиқ (сифати бузилган озиқ-овқат маҳсулотини сотиш, яроқлилик муддати ўтган товарларни сотиш, сифатсиз ёки контрафакт дори воситалари ва тиббий буюмларни сотиш, дори воситалари ва тиббиёт буюмларини белгиланган нархдан юқори устама қўйган ҳолда сотиш ва ҳ.к.) мурожаатлар «Soliq hamkor» ахборот тизими орқали қабул қилинади ва кўриб чиқилади.

6) Айрим тартиб ва чекловлар бекор бўлади. Жумладан:

  • тўлов хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар жисмоний шахслар ўртасида пул ўтказмалари амалга оширилганда, уларга кўрсатилган хизматлар учун электрон ҳисобварақ-фактуралар тақдим этиш ва расмийлаштириш тартиби;
  • чакана савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг фаолият кўрсатиш вақтига нисбатан чекловлар.
Chat