Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Айрим клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига қабул фақат давлат гранти асосида амалга оширилади

  • 20.06.2023
  • 467 марта ўқилди

Аҳолининг руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–196-сон, 19.06.2023 й.) қабул қилинди 

Қарорга кўра, аҳоли руҳий саломатлигини муҳофаза қилиш хизматини тубдан такомиллаштириш мақсадида, жумладан:

  • ихтисослаштирилган психиатрия ва наркология ёрдамини кўрсатишнинг ягона вертикал бошқарув тизими жорий этилади;
  • бирламчи бўғин тиббиёт муассасаларига руҳий саломатликни муҳофаза қилиш хизматлари интеграция қилинади;
  • руҳий ҳолати бузилган шахслар дори воситалари билан эҳтиёжга кўра тўлиқ таъминланади;
  • аҳоли, айниқса, болалар ва ўсмир ёшларнинг руҳий саломатлиги мустаҳкамланади.

2023 йил 1 июлдан Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт маркази Республика ихтисослаштирилган руҳий саломатлик илмий-амалий тиббиёт марказига айлантирилади.

2023 йил 1 августдан қуйидагилар жорий этилади: 

  • туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларида – тиббий психолог;
  • стационар ўринга эга бўлмаган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва таркибида диспансер мавжуд бўлган руҳий касалликлар шифохоналарида – суицидолог;
  • стационар ўринга эга бўлган руҳий-асаб касалликлари диспансерлари ва руҳий касалликлар шифохоналарида – қабул бўлими шифокори, навбатчи психиатр, тиббий психолог ёки психотерапевт штатлари.

2023/2024 ўқув йилидан Психиатрия”, “Тиббий психология” ва “Наркология” клиник ординатура ва магистратура мутахассисликларига қабул фақат давлат гранти асосида умумий қабул параметрлари доирасида амалга оширилади.

2023 йил 1 июлдан туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларидаги психиатр ҳамда психиатрия даволаш муассасаларидаги психиатр, тиббий психолог, психотерапевт ҳамда суицидологларнинг лавозим маошига устама миқдори 25 фоиздан 50 фоизга оширилади

Chat