"Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қонун Президент томонидан имзоланди.
Қонун билан давлат байроғидан фойдаланилиши мумкин бўлган ҳолатлар кенгайтирилди, жумладан:
- байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан жамоат жойларида, биноларда, яшаш ёки иш жойларида, транспорт салонида;
- байроқдан спорт мусобақалари, оммавий, тантанали ва маданий тадбирларда, оилавий байрамларда, хотира саналарни нишонлашда, жамият ва давлат арбоблари, ҳарбий хизматчилар дафн маросимларида;
- халқаро спорт мусобақалари ҳамда Ўзбекистон чемпионатлари учун спорт кийимларини тайёрлаш учун байроқнинг тасвири туширилган белгилардан фойдаланиш мумкин.
Шунингдек, Қонун билан байроққа нисбатан ҳурматсизлик қилиш ҳолатлари аниқ белгиланди, хусусан:
- байроқдан ва унинг тасвири туширилган белгилардан йиртилган, ифлосланган, тешилган, ранги оқарган ҳолда ва бошқа номақбул тарзда фойдаланиш;
- бирор-бир нарса учун устки ёпинғич сифатида фойдаланиш;
- столларга, ўриндиқларга, стулларга тўшаш ёки тасвирлаш, ундан қоплама сифатида фойдаланиш, ўтириладиган бошқа жойларга ёки оёқ остига тўшаш ёки тасвирлаш;
- кийим-кечак, дастрўмол ёки кўрпа-тўшак сифатида, буюмларни сақлаш ва ташиш учун фойдаланиш;
- байроқ тасвири туширилган белгиларни пойабзал, дастрўмол, кўрпа-тўшак, ички кийим-кечакга, сочиқларга, қутиларга (ўровларга), бир марта фойдаланиш ва ташлаб юбориш учун мўлжалланган буюмларга босиб чиқариш ёки унинг тасвирини бошқача тарзда тушириш;
- байроқ ва унинг тасвири туширилган белгилардан одоб-аҳлоқ қоидалари ва жамиятда юриш-туриш қоидаларига зид равишда фойдаланиш мумкин эмас.
Давлат байроғидан ва унинг тасвири туширилган белгилардан белгиланган талабларга мувофиқ фойдаланиш учун масъулият байроқдан фойдаланадиган жисмоний ва юридик шахслар, давлат органлари зиммасига юклатилади.