Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Сертификатлаштириш ва мувофиқликни баҳолаш қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилди

  • 10.07.2023
  • 355 марта ўқилди

Президент томонидан имзоланган Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритилди. 

Шунга кўра:

Мувофиқликни баҳолаш қоидаларини мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан бузиш, агар бу техник регламентлар талабларига жавоб бермайдиган маҳсулот чиқарилишига ёки мувофиқликни баҳолашни амалга ошириш учун маҳсулотни тақдим этган жисмоний ёки юридик шахсга зарар етказилишига олиб келса:

  • мансабдор шахсларга БҲМнинг 10 бараваридан 40 бараваригача миқдорда (3 млн 300 минг сўмдан 13 млн 200 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса:

  • мансабдор шахсларга БҲМнинг 40 бараваридан 80 бараваригача миқдорда (13 млн 200 минг сўмдан 26 млн 400 минг сўмгача) жарима солишга сабаб бўлади.

Илгари бундай норма мавжуд эмас эди.

Шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш, стандартлаштириш, мувофиқликни баҳолаш ва метрология соҳасидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича Бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарлари БҲМнинг 80 бараваригача миқдорда (26 млн 400 минг сўмгача) жарима солиш тарзидаги маъмурий жазо чораларини қўллашга ҳақлилиги белгиланди.

Илгари БҲМнинг 7 бараваригача эди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Chat