Ҳукумат қарори (409-сон, 22.08.2023 й.) билан Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди
Низомга кўра, рўйхатдан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш (ҳар 3 йилда камида бир марта) Кадастр агентлигининг Тошкент геодезия ва картография коллежи Кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш маркази томонидан амалга оширилади.
Шунга кўра, Давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари малака ошириш муддати келишидан 15 кун олдин Марказга хат юборади.
Курслар тамомлангач, рўйхатдан ўтказувчилар тест синовидан ўтказилиб, тестдан муваффақиятли ўтганларга сертификат берилади.
Малака ошириш даврида рўйхатдан ўтказувчиларнинг иш жойи бўйича ўртача иш ҳақи ва лавозими сақланади.
Бундан ташқари, рўйхатдан ўтказувчилар ҳар 3 йилда бир марта аттестациядан ўтказилади (суҳбат шаклида).
ОТМни тугатган ва эгаллаган мутахассислик бўйича биринчи марта ишга кирган шахслар, агар улар мазкур мутахассислик бўйича 2 йилдан кам ишлаган бўлса, аттестациядан ўтказилмайди.