Қарорга мувофиқ, 2023 йил 1 октябрдан тадбиркорларга миқдори 10 миллион сўмдан юқори бўлган солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун, агар тадбиркорлик субъекти ҳуқуқбузарликни инкор этса, молиявий санкцияларни фақатгина суд тартибида қўллаш амалиёти йўлга қўйилади.
2024 йил 1 январдан қуйидаги тартиблар жорий этилади:
- қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга ҳосилни суғурталашда суғурта мукофотининг 50 фоизи миқдорида субсидия бериш;
- “Изланиш ва ривожланиш” марказлари учун улар ташкил этилган кундан 3 йил муддатга мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича ҳисобланган сумманинг 1 фоизини тўлаш, уларнинг ходимлари учун ижтимоий солиқ ставкасини 1 фоиз миқдорида ҳисоблаш;
- давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар томонидан ҳар йили амалга ошириладиган инвестиция лойиҳалари қийматининг камида 5 фоизини облигациялар чиқариш орқали молиялаштириш.
2024 йил 1 январдан жисмоний ва юридик шахсларга ҚҚСни тўлиқ қайтариш тизими қуйидагилар ҳисобидан кенгайтирилади:
- хорижий туристларга – Ўзбекистон халқаро аэропортларида Ўзбекистонда сотиб олинган ва “Tax free” тизими бўйича расмийлаштирилган маҳсулотлар учун;
- тур-операторларга – хорижий контрагентлар билан шартномалар доирасида кўрсатилган экспорт хизматлари учун.
2023 йил 1 ноябрдан:
- ижобий экологик экспертиза хулосасини олмаган объектларга нисбатан молиялаштириш, кредитлаш ва бошқа молия операцияларини тўхтатиб туриш механизми жорий этилади;
- экологик ҳуқуқбузарлик содир этганларга нисбатан зарарни қоплаш билан бир қаторда, зарар етказилган табиат объектини тиклаш ва унинг муайян муддат давомида муҳофаза қилинишини таъминлаш мажбурияти юклатилади.
2024 йил 1 январдан:
- республиканинг узоқ муддатли сув баланси прогнозини юритиш, сув ресурсларини тежаш дастурларини қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади;
- Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш учун кредитлар 10 фоиз ставкада (фоиз ставкаларини субсидиялаш ҳисобига) ажратилади.