Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

“Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури амалга оширилади

  • 18.09.2023
  • 2128 марта ўқилди

Кичик бизнесни ривожлантиришни молиявий ва институционал қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–306-сон, 14.09.2023 й.) қабул қилинди 

Қарорга кўра, 2023 йил 1 октябрдан “Кичик бизнесни узлуксиз қўллаб-қувватлаш” комплекс дастури амалга оширилади.

Қуйидагилар “Кичик бизнесга кўмаклашиш маркази” масъулияти чекланган жамиятларига онлайн ариза юбориш орқали Дастурда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлади:

  • камида 1 йил мобайнида ишлаётган ЯТТ, деҳқон хўжаликлари, ўзини ўзи банд қилган шахслар, ҳунарманд, касаначи, НТТ, уч ва ундан ортиқ кишини доимий иш билан таъминлаётган кичик тадбиркорлик субъектлари;
  • оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ўз бизнес лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириб, ижобий кредит тарихига эга бўлган шахслар.

2023 йил 1 октябрдан Дастурда иштирок этувчи кичик тадбиркорлик субъектларига, жумладан:

  • фаолиятини йўлга қўйиш ёки кенгайтириш учун 2 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача ҳамда айланма маблағлар учун револьвер тарзда 3 йилгача йиллик Марказий банк асосий ставкасидан 4 фоизлик юқори ставкада 1,5 миллиард сўмгача кредитлар ажратилади ва (ёки) асосий воситаларни сотиб олиш учун лизинг берилади. 

Бунда, 100 миллион сўмгача кредитларни гаровсиз, 150 миллион сўмгача кредитларни гаров талаби 50 фоизгача пасайтирилган ҳолда ажратиш имконияти назарда тутилади;

  • қиймати 1,5 миллиард сўмгача бўлган асосий воситалар 7 йилгача бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан қарзга берилади; 
  • инновацион ишланмаларни тижоратлаштириш, юқори технологик стартап лойиҳаларига давлат илмий дастурлари доирасида 2 миллиард сўмгача грант маблағлари ажратилади. 

2024 йил 1 январдан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар 3 йилгача муддатга 6 ойлик имтиёзли давр билан йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада ажратилади. 

Қарор билан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги тузилмасида Кичик ва ўрта бизнес ривожланишини таҳлил қилиш, қўллаб-қувватлаш ва соҳада давлат сиёсатини мувофиқлаштириш департаменти ташкил этилди. 

Chat