Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди

  • 01.11.2023
  • 1344 марта ўқилди

Президент томонидан имзоланган қонун (ЎРҚ–874-сон, 31.10.2023 й.) билан Жиноят ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган ўзгартиришга кўра: 

Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш:

  • БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни рағбатлантириш:

  • БҲМнинг 15 бараваридан 30 бараваригача  (4 млн 950 минг сўмдан 9 млн 900 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлиш БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 4 млн 950 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Тиббий кўрсатмага асосан ёки йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош кийимда ёхуд меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ёки спорт ва маданий тадбирларни ўтказиш вақтида ушбу тадбирлар иштирокчиларининг юзини тўсган ҳолда бўлиши, шунингдек қонунчиликда тўғридан-тўғри рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш бундан мустасно.

Жинс бўйича камситишни тарғиб қилиш, шу жумладан хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этиш, ушбу мазмундаги қарашларни, ғояларни ёки чақириқларни тарқатиш, худди шунингдек бундай хатти-ҳаракатларни омма олдида оқлаш ва (ёки) рағбатлантириш:

  • БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача (3 млн 300 минг сўмдан 6 млн 600 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Chat