Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Қонун билан Жиноят кодексига ўзгартиришлар киритилди

  • 02.11.2023
  • 589 марта ўқилди

Никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида, шу жумладан никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга ошириш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса:

БҲМнинг 75 бараваридан 150 бараваригача  (24 млн 750 минг сўмдан 49 млн 500 минг сўмгача) миқдорда жарима ёки 360 соатдан 400 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Миллий, ирқий, этник ёки диний адоватни тарғиб қилувчи материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш, шундай қилмишлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса:

БҲМнинг 300 бараваридан 600 бараваригача (99 млн сўмдан 198 млн сўмгача) миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, аҳоли гуруҳларига нисбатан адоват, муросасизлик ёки нифоқ келтириб чиқариш мақсадида миллий шаън-шараф ва қадр-қимматни камситишга, диний эътиқодига ёки дахрийлигига қараб, фуқароларнинг ҳис-туйғуларини ҳақоратлашга қаратилган қасддан қилинган ҳаракатлар, шунингдек миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб, фуқароларнинг устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилиш, худди шунингдек миллий, ирқий, этник мансублигига ёки динга муносабатига қараб, фуқароларнинг ҳуқуқларини бевосита ёки билвосита чеклаш ёхуд уларга бевосита ёки билвосита афзалликлар бериш:

3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Chat