Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Айрим корхоналарнинг махсус (эксклюзив) ҳуқуқлари бекор қилинади

  • 04.06.2024
  • 443 марта ўқилди

Бозор ислоҳотларини янада жадаллаштириш ва Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилоти битимларига мувофиқлаштириш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони (ПФ-85-сон, 03.06.2024 й.) қабул қилинди 

Фармонга кўра, Қонунчилик билан тақдим этилган қуйидаги махсус (эксклюзив) ҳуқуқлар бекор қилинади:

2025 йил 1 январдан:

  • “Ўзметкомбинат” АЖнинг республика ҳудудида қора металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш) ҳуқуқи;
  • “Ўзиккиламчиранглиметалл” АЖнинг республика ҳудудида рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш ва экспорт қилиш ҳуқуқи;
  • “Ўзтрейд” АЖнинг консигнация шартларида озиқ-овқат уни ва буғдойни, шунингдек, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, деҳқон ва фермер хўжаликлари маҳсулотларини банк кафолатлари ёки сиёсий ва тижорат хавфларидан экспорт шартномаларини суғурталаш полисларини тақдим этмасдан экспорт қилинадиган маҳсулотларни савдо уйлари манзилларига тушириш ҳуқуқи;
  • “Ўзкимёимпекс” МЧЖнинг “Ўзкимёсаноат” АЖ ташкилотлари кимёвий маҳсулотлари экспорти ҳамда уларнинг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ускуналар, эҳтиёт қисмлар, бутловчи буюмлар, хомашё ва материаллар импортини амалга оширишдаги ягона агент ҳуқуқи;

2026 йил 1 июлдан:

  • UzGasTrade” АЖнинг табиий газни ягона экспорт қилувчи ва импорт орқали ташқи манбалардан марказлашган тартибда харид қилиш бўйича ягона оператор сифатидаги ҳуқуқи;
  • “Ўзэнергосотиш” АЖнинг электр энергиясининг экспорти ва импортини марказлашган тартибда амалга ошириш ҳуқуқи.

2025 йил 1 январдан:

  • қора ва рангли металл ломи ва чиқиндиларини тайёрлаш (харид қилиш), қайта ишлаш ва реализация қилиш, шунингдек, табиий газ ва электр энергиясининг улгуржи ва чакана савдо фаолиятларини лицензиялаш тартиби жорий этилади;
  • мобиль ва (ёки) симли телекоммуникация тармоқларига эга Ўзбекистонда фаолият юритадиган телекоммуникация операторларига тезкор-қидирув фаолияти, ахборот ва киберхавфсизлик тизимлари талабларига тўлиқ риоя қилган ҳолда синов тариқасида халқаро интернет тармоқларига ўз тижорат эҳтиёжлари учун тўғридан-тўғри уланиш ҳуқуқи берилади.

2026 йил 1 январдан биржа савдоларида сотиб олинган мис катоди ва мис катанкасини экспорт қилишга чекловлар бекор қилинади.

2024 йил 1 сентябргача қуйидагиларни назарда тутувчи қарор лойиҳаси Ҳукуматга киритилади:

  • 2024 йил 1 октябрдан босқичма-босқич 2025 йил 1 апрелгача республика ҳудудида темир йўл транспортида юк ташишда тақдим этилаётган чегирмалар бериш амалиётини бекор қилиш;
  • темир йўл орқали юкларни ташишда экспорт ва импорт ташиш хизматлари учун тарифларни 2030 йилгача босқичма-босқич бирхиллаштириш.
Chat