Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Ногиронликни белгилаш тизими такомиллаштирилади

  • 17.07.2024
  • 439 марта ўқилди

“Ногиронликни белгилаш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-257-сон, 16.07.2024 й.) қабул қилинди

Қарорга кўра, Ногиронликни белгилашнинг қуйидаги тартиби жорий этилади:

2024 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳри ва Навоий вилоятининг туман (шаҳар)ларида босқичма-босқич эксперимент тариқасида, 2025 йил 1 сентябргача республиканинг қолган ҳудудларида:

  • фуқароларга ногиронликни белгилаш бўйича ЯИДХП (my.gov.uz), “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ёки ижтимоий ходимлар орқали оилавий шифокорларга мурожаат қилиш имконияти яратилади;
  • тиббий-ижтимоий экспертиза комиссияси (ТИЭК) кўриги учун фуқароларнинг тиббий ҳужжатларини йўллаш оилавий шифокорлар томонидан электрон тарзда амалга оширилади;
  • “Инсон” марказлари ходимлари томонидан 18 ёш ва ундан катта шахсларнинг функционаллигини баҳолаш тартиби жорий этилади. Бунда баҳолаш натижалари 2025 йил 1 сентябргача ногиронликни белгилаш учун асос ҳисобланмайди;
  • шахс соғлиғининг ҳолатига кўра “Инсон” марказларига бориш имконига эга бўлмаганда соғлиғининг ҳолати ва функционалликни баҳолаш шахснинг уйида ёки даволанишда бўлган стационарда ўтказилади;
  • 2024 йил 1 октябрдан ихтисослаштирилган (психиатрия, фтизиатрия ва пульмонология, педиатрия) ТИЭКлар томонидан ногиронликни белгилаш тартиби бекор қилиниб, ногиронлик туманлараро ва туман (шаҳар) ТИЭКлар томонидан белгиланади.
Chat