“Тошкент шаҳрида Америка технологиялар университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Қарори (ПҚ-261-сон, 17.07.2024 й.) қабул қилинди
Қарорга кўра, Тошкент шаҳрида Америка технологиялар университети ташкил этилади.
Муҳандислик, соғлиқни сақлаш, ахборот технологиялари, архитектура ва дизайн, иқтисодиёт ва молия, халқаро муносабатлар соҳалари учун олий маълумотли кадрларни халқаро стандартлар даражасида тайёрлаш Университетнинг асосий фаолият йўналишларидан бири этиб белгилан.
Университет нодавлат олий таълим ташкилоти ҳисобланади ҳамда ўз фаолиятини 2024/2025 ўқув йилидан амалга оширади.
Университетда талабаларни ўқитиш тўлов-контракт асосида амалга оширилади ҳамда қабул параметрлари ва талабаларни ўқитиш учун тўлов-контракт суммаси Университет томонидан белгиланади.
Университетга абитуриентлар қабули ва битирувчилар аттестацияси Университет томонидан белгиланган талаб ва тартибга мувофиқ амалга оширилади.
Университет тўлиқ академик, молиявий ва ташкилий мустақил ОТМ ҳисобланади.
Университет битирувчиларига Aризона давлат университетининг ёки АҚШда тан олинадиган ҳамкор хорижий олий таълим ташкилотининг дипломи берилади. Бунда, битирувчиларга берилган диплом Ўзбекистонда тан олинади.
Университетда қўшма таълим дастурларининг хорижий университетда ўқиш қисмини бакалавриатда “3+1”, магистратурада “1+1” ва бошқа шаклда, жумладан, масофавий тарзда амалга ошириш имконияти яратилади.