Қонунга кўра, фуқаролар қуйидаги кўчмас мулкларни ўз номига (ижара ва мулк ҳуқуқи асосида) қонуний ўтказиб олиши мумкин:
- 2018 йил 1 май кунигача якка тартибдаги уй-жой қуриб ўзбошимчалик билан эгаллаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
- 2018 йил 1 май кунигача фуқаролар ва ташкилотлар томонидан ҳужжатда кўрсатилган майдондан ортиқча эгалланган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
- “бир марталик акция” доирасида ҳуқуқларни эътироф этиш охирига етмаган ер ҳамда ундаги бино ва иншоотлар;
- 2021 йил 8 июнга (ҳокимларнинг ваколати бекор қилингунига) қадар туман (шаҳар) ҳокимлари қарори билан ажратилган, лекин вилоят ҳокими ёки халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланмаган ер;
- боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар ҳамда улар эгаллаган ер;
- кичик саноат зоналари ҳудудига 2020 йил 9 мартгача жойлаштирилган тадбиркорларнинг ери;
- давлат ордери билан хусусийлаштирилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер;
- ҳоким қарори билан мулк ҳуқуқи эътироф этилган бинолар ва уйлар эгаллаган ер участкаси.
Кўчмас мулкни қонунийлаштириш учун улар қуйидаги талабларга жавоб бериши лозим:
- ер бошқа шахсга ажратилмаган ёки аукционга чиқарилмаган бўлиши;
- ер участкасидан фойдаланишда низо мавжуд эмаслиги;
- ер ва мол-мулк солиғи бўйича қарздорлик мавжуд эмаслиги;
- муҳофаза зонасида, суғориладиган ерда жойлашмаганлиги;
- бош режа талабларига зид эмаслиги (мавжуд бўлса);
- ҳар бир категорияга хос бошқа шартлар (инвестиция мажбурияти бажарилганлиги, ширкат аъзоси ҳисобланиши ва бошқалар).
Қонун 3 ойдан сўнг кучга киради.