Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Иқтисодиёт тармоқларида ишлаётган фуқаролар суҳбат асосида ОТМга ўқишга қабул қилинади

  • 08.11.2021
  • 726 марта ўқилди

Ҳукумат қарори (675-сон, 04.11.2021 й.) билан Иқтисодиёт тармоқларида камида беш йил иш стажига эга бўлган фуқароларни сиртқи ва кечки таълим шаклига суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, камида 5 йил иш стажига эга фуқароларга суҳбат натижаларига кўра табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга кириши учун тавсиянома берувчи вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари рўйхати ҳар йили 1 июлгача тасдиқланиб, ОАВда эълон қилинади.

Вазирлик, идора ва йирик хўжалик бирлашмалари ҳар бир ўқув йили учун марказий ва ҳудудий тузилмалари ҳамда тизим ташкилотларидан 100 нафаргача талабгорга тавсиянома бериши мумкин. 

Тегишли тавсияномага эга фуқаролар ҳар йили 20 июлдан 10 августгача Давлат тест марказининг махсус электрон тизими орқали рўйхатдан ўтказилади.

Суҳбат жараёни ҳар йили 20 августдан 30 августгача бўлган муддатда ташкил этилади.

Натижаларга кўра 100 баллик баҳолаш мезонида 55 балл ва ундан юқори балл тўплаган абитуриентлар ОТМ ректори (директори) буйруғи билан табақалаштирилган тўлов-контракт асосида талабаликка тавсия этилади.  

Тавсияномалар фақатгина берилган ўқув йили учун амал қилади. 

Низом олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасаларига, Ўзбекистондаги хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларига ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.

Мазкур тартиб 2022 йил 1 майдан кучга киради. 
 

Chat