Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Навоий давлат университети ташкил этилади

  • 01.11.2024
  • 348 марта ўқилди

“Навоий давлат университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ-378-сон, 31.10.2024) қабул қилинди

Қарорга кўра, Навоий давлат педагогика институти негизида Навоий давлат университети ташкил этилади.

Ҳудудда соҳа ва тармоқларнинг ривожланиш истиқболларини ҳисобга олган ҳолда замонавий билим ва малакага эга бўлган илмий ва илмий-педагогик кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича узлуксиз таълим тизимини яратиш Университетнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Навоий давлат педагогика институтида таҳсил олаётган барча талабалар ўқишларини Университетда давом эттиради ҳамда 2024/2025 ўқув йилидан битирувчи курс талабаларига Университет дипломи берилади.

Университетда 2025/2026 ўқув йилидан эҳтиёж юқори бўлган қуйидаги йўналишлар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади:

  • аниқ ва табиий фанлар;
  • ахборот технологиялари;
  • сунъий интеллект;
  • иқтисодиёт;
  • бизнес ва туризм;
  • инвестицияларни бошқариш;
  • қишлоқ хўжалиги;
  • экология ва атроф-муҳит муҳофазаси;
  • логистика.

Янги ташкил этилган таълим йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича хорижий давлатлар ва республикадаги етакчи олий таълим ташкилотлари билан иккита диплом беришга асосланган қўшма таълим дастурлари йўлга қўйилади.

Chat