Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Қонун (ЎРҚ-1013-сон, 24.12.2024 й.) билан Солиқ кодексига ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди

  • 26.12.2024
  • 70 марта ўқилди

 Қонунга кўра, қўшимча манбалардан даромад олувчи бюджет ташкилотлари учун белгиланган солиқ ставкаларининг амал қилишини 2027 йилнинг 1 январигача узайтирилмоқда. 

Шунингдек, жами даромаднинг чегаравий миқдорини 5 миллиард сўмдан 10 миллиард сўмга ошириш, ушбу даромад мавжуд бўлганда солиқ тўловчилар ҳар ойлик бўнак тўловларини тўлиқ чорак ўтганидан кейин тўлашини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Президент ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорига асосан бериладиган бюджет субсидиялари жами даромад таркибига киритилмаслигини белгиловчи ўзгартиришлар киритилмоқда.

Бундан ташқари ўз маблағлари ҳисобидан нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларининг биноларини қуриш билан боғлиқ бўлган харажатларга нисбатан фойда солиғи бўйича вақтинчалик (2025 йил 1 январдан 2030 йил 1 январгача) солиқ имтиёзлари берилмоқда. 

Шунингдек, белгиланган рўйхат бўйича протез мосламалари ва уларнинг бутловчи, эҳтиёт қисмларини Ўзбекистонга олиб кириш (2027 йил 1 январгача) ҳамда Ўзбекистон резидентлари бўлган вагонлар (контейнерлар) операторларининг темир йўл транспортида ташиш жараёнида вагонларни (контейнерларни) ижара шартлари асосида фойдаланишга бериш бўйича хизматлар кўрсатиш айланмаси ҚҚСни тўлашдан вақтинчалик (2024 йил 1 ноябрдан 2026 йил 1 январгача) озод қилиниши назарда тутилмоқда.
 

Chat