Ҳуқуқий маслаҳат - бепул, тезкор, ҳаммага!

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторингдан ўтказиш тартиби белгиланди

  • 11.02.2025
  • 126 марта ўқилди

“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторингдан ўтказиш услубиёти” Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди (рўйхат рақами 3605, 07.02.2025 й.)

Услубиёт норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини мониторингдан ўтказиш жараёнларини услубий жиҳатдан тартибга солинишини белгилайди.

Тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига ҳамда атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи қонун ҳужжатларининг ижроси улар кучга киргандан сўнг 5 йил давомида, қонуности ҳужжатларининг ижроси эса улар кучга киргандан сўнг 3 йил давомида мажбурий равишда ҳар йили мониторингдан ўтказилади.

Мониторинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатда унинг мониторинги ўтказилишига бевосита масъул этиб белгиланган давлат органи томонидан, масъул орган белгиланмаган ҳолларда тегишли соҳада давлат сиёсатини амалга оширувчи вазирлик ва идоралар томонидан амалга оширилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилиш мақсадларига эришилишини таҳлил қилиш, унинг ижроси ва натижаларини мунтазам ҳамда тизимли равишда кузатиб бориш мониторинг қилишнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар самарадорлигини баҳолаш учун индикаторлар қуйидаги тоифаларга бўлинади:

  • ресурс кўрсаткичлари ;
  • амалиёт кўрсаткичлари ;
  • натижадорлик кўрсаткичлари.

Вазирлик ва идоралар ҳар йили 1 февралгача ўтказилган мониторинг натижалари тўғрисидаги маълумотларни мажбурий равишда ўзларининг расмий веб-сайтида эълон қилади ҳамда тегишлилигига қараб “Ijro.gov.uz” ва Адлия вазирлигига тақдим этади.
 

Chat